Ҳар бир миллат ўз келажак авлодида комилликни кўришни орзу қилади. Ўзбек халқи ўз маданияти ва маънавиятида комил инсонлар тарбиясига алоҳида эътибор берган ва бундай комиллик дарғаларини етиштириш ҳар бир замонда муҳим саналган.
Инсон камолотида эса жисмоний ва маънавий гўзаллик муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бугунги кунда юртимизда замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган, интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Муҳтарам Президентимиз бошчилигида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Алоҳида таъкидлашни истайманки, охирги йиллар давомида мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган китоб тарғиботи, кутубхоналар фаолияти, китобхонлик, мутолаа маданиятини оширишга қаратилган масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бир сўз билан айтганда олиб борилаётган ислоҳотлар бизга том маънодаги 3 та муқаддас тушунчаларни яъни, КИТОБ, КУТУБХОНА ва КИТОБХОНЛИКни қайтариб берди. Албатта, бу мен каби кутубхоначи ходимларнинг кучига-куч, ғайратига янада ғайрат бағишлайди.
2025 йилдан бошлаб, маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи оширилиши белгиланганлиги биз соха вакилларининг қувончига янада қувонч бағишлади. Чунки охирги йилларда кутубхоначиликни истиқболига, уларнинг тараққиётини таъминлашга қаратилган кўплаб ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Замонавийликка уйғунлаштирилган ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда кутубхоначиларнинг иш ҳақи оширилиши тарихий воқеа бўлди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши мамлакатимизда китоб ўқишга меҳр уйғотиш, китобхонлик маданиятини янада ошириш ҳамда соха вакилларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш билан бирга 13 мингдан ортиқ кутубхоналарда камторона фаолият олиб бораётган неча минглаб оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир.
Қарорга кўра, давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 2025 йил 1 январдан бошлаб – 20 фоизга; 2025 йил 1 июлдан бошлаб – яна 15 фоизга оширилади.
Давлат маданият муассасалари ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг иш самарадорлигини баҳолаш (KPI) тизими жорий қилиниши ҳам албатта маданият, санъат ва ахборот- кутубхона муассасаларининг фаолиятини замонавий андозалар асосида, халқаро майдондаги энг ривожланган давлатлар кутубхоналари билан бемалол бўйлаша оладиган даражада ривожланишига мустахкам замин яратади.
Юртбошимизнинг барча сохалар қаторида ахборот-кутубхона сохасига, китобхонликни ривожлантиришга таъкидлаган ушбу сўзлари: “Бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири – иқтисодиёт, бири – маънавиятдир. Маънавий буюк халқ – иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади”- дея ишонч билдиришини юксак эътибор ва эътироф деб қабул қиламиз. Ўз навбатида катта масъулият деб билиб, фаолиятимизни янгича қарашлар билан қайта кўриб чиқамиз, илмий ва ижодий ёндошиб ишлашга бел боғлаймиз. Албатта, бу янгилик китобхонлар билан ишлашнинг янада янги ва таъсирли шаклларини ишлаб чиқишга ундайди.
Айниқса, айни кунда фаолиятимизни самарасига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётган кадрлар қўнимсизлигига бархам берилади. Кутубхоначилик касби нуфузини. Имиджини кўтаради. Ёшларимизни ушбу сохага қизиқишини ва битирувчиларни кутубхонага бўлган интилишига мустахкам замин яратади.
Ҳафиза Каримова, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори