Китоб – тафаккур хазинаси

0
998
марта кўрилган.

Тошкент шаҳар «Bilim» Ахборот – кутубхона марказида 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га бағишланган «Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!» шиори остида «Болалар китоби» фестивали бўлиб ўтди ва китоб  кўргазмаси ташкил этилди.

Фестивал Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Матбуот ва ахборот бошқармаси, турли тизимдаги ахборот-ресурс марказлари, Ёшлар иттифоқи, Маданият бошқармаси, Халқ таълими ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари, Маънавият ва маърифат маркази шаҳар бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад — ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ўсиб келаётган авлодни миллий мустақиллик ғоялари ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, интеллектуал ривожланган ва маънан баркамол қилиб вояга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамиятини янада кенгайтириш, ёшларнинг миллий адабиётга бўлган қизиқишини, китобга бўлган ҳурматини оширишга ҳисса қўшишдан иборатдир.

Болалар ўртасида китобхонлик маданияти ва мутолаа маданиятини янада шакллантириб боришга ҳамда уларни мамлакатимизда фаолият юритаётган кутубхоналар, болалар нашриётлари ва улар томонидан нашр этилаётган янги болалар адабиётлари билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилган китоб кўргазмасида ёзувчи ва шоирлар, Тошкент Педагогика коллежи ўқувчилари, 182 ва 184 мактаб ўқувчилари, ахборот-кутубхона марказининг фаол китобхонлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Фестивал доирасида «Bilim» ахборот-кутубхона марказининг кириш қисми ва фойесида  маҳаллий китоб савдо ташкилотларининг “Болалар китоби” мавзусида ҳамда ахборот-кутубхона маркази томонидан болалар адабиётлари кўргазмаси ташкил этилди. «Китоб – инсоннинг қалб гавҳари, тафаккур хазинаси» мавзусидаги адабиётлар кўргазмасининг тақдимоти ҳамда шоир ва ёзувчилар билан ижодий учрашув ўтказилди.

“Инсон тафаккурини такомиллашувида китобларнинг ўрни беқиёсдир, китоб инсонни доимо эзгуликка, комиллика етаклайди ва менинг энг яқин дўстим китоб”, — дея таъкидлади Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Тонг юлдузи газетаси бўлим мудири, болалар  шоири Ахтамқули. Ёзувчи Акбар Мирзо ўзининг ҳаётида, ижодий фаолиятида китобнинг ўрни ҳақида гапирди. Комил инсон сифатида шаклланиб, ҳаётда ўз ўрнини топишда китоб билан дўст бўлиш лозимлигини таъкидлади. Тадбирда фаол  иштирок этган болаларга китоблар совға қилди.

Педагогика коллежининг иқтидорли ёшлари томонидан тайёрланган “Менинг севимли китобим”, “Энг яхши кўрган шеърим” мавзусидаги бадиий чиқишлар, умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирокидаги “Ким билимдон”, “Болалар ёзувчи ва шоирларини биласизми?” каби викторина ва китобхонлик савол-жавоблари, Тошкент шаҳар Учтепа тумани Маданият уйи     ижодкорларининг мусиқали чиқиши тадбирнинг янада қизиқарли, мазмунли ва кўтаринки руҳда ўтишига муносиб ҳрсса қўшди. Ушбу кўргазма ва қизиқарли учрашувлар икки кун давом этади.

  Зеро, китоб ўқиш инсон учун муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калит бўлиб, юртимиз келажаги ёшларниг юксак салоҳиятли бўлиб етишишида ўз хиссасини қўшиш хар бир маънавиятли инсоннинг бурчидир.

Ҳафиза Каримова,

Тошкент шаҳар «Bilim» ахборот-кутубхона маркази директори.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.