Коррупция – мамлакатлар тараққиёти заволи

0
143
марта кўрилган.

Коррупция сўзи лотин тилидан келиб чиққанини эътиборга олсак, бу  жуда қадимий иллат, жамиятнинг энг оғриқли дарди эканлигини,  давр билан замон билан унинг янги- янги шакллари вужудга келишини англаш мумкин.

Коррупция – эл-юрт манфаатидан ўз манфатини устун қўйиш, нафс балосига грифторлик, ўйламай босилган қадамлар… Бу иллат натижасида жамият, давлат зарар кўради. Ушбу йўлга кирган инсоннинг атрофидаги яқинлари озорланади. Аёллар, оналар азобланади, болалар қаровсиз қолади. Шунинг учун ушбу иллатга қарши бутун дунё аҳли биргаликда курашмоқда.

БМТ томонидан 2003-йил 9-декабрда Мексиканинг Мерида шаҳрида коррупцияга қарши курашишда давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада кучайтириш мақсадида 3 кунлик конференция ташкил этилди. Бу конференция давомида 100 дан ортиқ давлат томонидан коррупцияга қарши халқаро конвенция имзоланди. Конференциянинг биринчи иш куни яъни 9 декабрь  БМТ томонидан ”Бутун дунёда коррупцияга қарши кураш куни” деб эълон қилинди. Ушбу конвенциянинг қабул қилиниши ва кучга кириши дунё мамлакатларининг ушбу иллатга қарши курашдаги ҳамкорлигини янги поғонага кўтарди.

Мустақил Ўзбекистон ҳам 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши кураш халқаро конвенциясига, 2010 йилда эса Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш тармоғи – Истанбул ҳаракат дастурига қўшилди. Халқаро ва миллий ҳуқуқ меъёрларига асосланган Коррупцияга қарши курашишнинг Миллий режаси ишлаб чиқилди.

  Мамлакатимиз  Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Ушбу қонунда Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, давлат бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг коррупциявий иллатларга қарши кураши юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш белгиланган.

  Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашиш бўйича бир неча фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Жаҳон мамлакатларида коррупцияга қарши курашнинг ички ва ташқи назорат усуллари мавжудлиги ўрганилди. Мамлакатимизда ҳам бунга эътибор берилди.

Ички назорат  усули – бошқарув аппаратининг ўзида назоратни кучайтирувчи тузилмалар  яратишни тақазо этди. Бу тузилманинг асосий вазифаси ходимларнинг ички ахлоқ қоидаларига риоя қилишини назорат қилишдир. Ҳозирги кунда бизнинг юртимизда ҳам бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқарув органларида айнан шу вазифани бажарувчи ички тузилмалар яратилган. Масалан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги коррупцияга қарши ички назорат бўлими шулардан биридир.

Кеча Тошкент шаҳар ҳокимиятида Тошкент шаҳар ҳокимлиги коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг учинчи  мажлиси бўлиб ўтди.

 Унда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Мурожаатлар бўлими бошлиғи Н. Ботиров коррупцияга  оид аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш тўғрисидаги масалада маъруза қилди:

 – 2023 йил давомида Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларига барча манбалар орқали 98 126 та мурожаатлар келиб тушган. Ушбу рақамлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17 986 тага ёки 15,4 фоизга камайган. Шундан, 13 798 таси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва 84 328 та туман ҳокимликларида кўриб чиқилган.

Коррупция аломатлари ҳақида хабардор қилинган мурожаатлар келиб тушмаган.

Мурожаатлар соҳалар кесимида ўрганиб чиқилганда асосий қисмини 21 223 таси уй-жой, коммунал масалалар, 16 591 таси уй-жой ва ер ажратиш, 8 436 таси моддий ёрдам ажратиш ҳамда 6 647 таси қурилиш ва йўл таъмирлаш масалаларини ташкил этади.

Ушбу йиғилишда ОАВлари ходимлари ҳам қатнашди.   Ҳозир Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлик” каналининг  «Давр» ахборот дастуридан лавҳани  эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.