Кутубхоначи қандай бўлиши керак?

0
935
марта кўрилган.

Ал Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиалида  “Вилоят ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказлари фаолиятида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш масалалари ва маънавий-маърифий тадбирларнинг самарадорлиги” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилди. Унда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар  бошқармаси бошлиғи Дилбар Бекчанова маъруза қилди ва семинар-тренингни олиб борди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тўғрисида” 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сон қарори ижроси юзасидан соҳада   ўтган давр ичида қатор ишлар амалга оширилди. “Намунали китоб дўкони”, “Энг китобхон оила”, “Ёш китобхон”, “Ўзим ўқиган  мактабга китоб совға қиламан”, “Энг китобхон мактаб”, “Китоб-бебаҳо хазина”  лойиҳалари доирасида турли маданий-маърифий тадбирлар, байрамлар, китоб кўргазмалари, китоб савдоси ярмаркалари, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, янги китобларнинг тақдимотлари  ташкил қилинди. 

Дастурда белгиланган вазифа ва топшириқларнинг ижросини таъминлаш, китоб маҳсулотларни нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ахборот кутубхона фаолиятини ривожлантириш, китоб тарғиботи, китобхонлик маданиятини  янада юксалтириш борасида тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма қарор қабул қилиниб, ижрога қаратилди.            

Семинарда Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубованинг “Лазги”  номли тарихий китобининг тақдимоти ўтказилди. “Тўмарис авлоди” журнали муҳаррири Шарқия Эшчанова мазкур китобнинг маънавий-маърифий аҳамияти ҳақида гапирди. Вилоят  ахборот- ресурс маркази  бўлими мудири Муқаддас  Абдукаримова “Китоб –тафаккуримизга озуқа берувчи мўъжиза” мавзусида Қайқовуснинг “Қобуснома” китобининг янги нашри ҳақида,    филология фанлари номзоди, огаҳийшунос олима Мадина Матёқубова “Матназар Абдулҳакимнинг  поэтик маҳорати”, вилоят ахборот-ресурс маркази директори ўринбосари Галина Саурова “Кутубхонада мутолаа ва кутубхоначи маданияти: Ўн саволга тўғри ўн жавоб” мавзуларида кўргазмали тарғибот воситалари ёрдамида  чиқишлар қилишди.

 Семинарда вилоят  ҳокимлигининг етакчи мутахассиси Рустам Аҳмедов,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Г.Ибадуллаева мутолаа маданияти хусусида ўз фикр — мулоҳазаларини билдирди.

 Тадбирда вилоят ахборот-кутубхона, ахборот-ресурс марказлари ходимлари, шоир ва ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, университет педогог ва  талабалари иштирок қилдилар.

Семинар  “Кутубхоначи қандай бўлиши керак?” мавзусида савол-жавоб, ўзаро фикр-мулоҳазалар, таҳлиллар билан  якунланди.

Гулёр Палванова,

Тошкент ахборот технологиялари университети Урганч филиали талабаси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.