АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилган оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси қизлари 9та медаллар шодасини қўлга киритиб, пешқадам бўлишди.
Қизлар ўртасида 2 та йўналишда жаҳон рекордини ўрнатган юртдошимиз Кумушхон Файзуллаева (-64 кг) мусобақанинг энг яхши атлети, деб топилди. Спортчига ушбу совринни Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Томаш Аяннинг ўзи топширди.
Турнирда Ўзбекистон қизлар терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича биринчи ўринни қўлга кириб, 7 та олтин ва 2 та кумуш медалнинг соҳибига айланишди.
Мазкур жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси ўз тарихида энг яхши натижани қайд этди.