Маданият вазири Озодбек Назарбеков: Муҳими, ҳамкор танлашда адашмадик

0
153
марта кўрилган.

Мен бир ижодкор, ўзбек қизи, жумладан Хоразм фарзанди бўлганим учун Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги тарихий сериал яратилаётганидан бениҳоя хурсандман.

Ижтимоий тармоқларда бош ролни ким ижро этиши ҳақида турли хил мунозаралар ҳам бўлди. Ушбу севимли тарихий образни ким ижро этиши эмас, энг асосийси,  тарихимиз тўғри талқин қилиниши муҳим. Жалолиддин Мангуберди каби Ватан учун жон бериб, қон кечган буюк шахсни бутун жаҳон аҳли билса бас, деган фикрлар кечган кўнглимдан.Ахир бу ёшларимиз, фарзандларимиз қалбида Ватан туйғусини юксалтиради.

Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг Туркияга сафарини ижодкор, журналист сифатида  madaniyat.uz сайти орқали қизиқиш билан кузатдим. Халқимизнинг миллий қаҳрамони образи яратилаётган ушбу сериал “Муҳташам юз йил” ва “Эртуғрул” сериалидек  севилиб томоша қилинишини истайман.  Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг madaniyat.uz сайтидаги қуйидаги фикрлари ҳам фильм ижодкорларига  бўлган   ишончимизни янада  оширади:

–  Мана, нафақат туркий халқлар, балки бутун дунёга маълуму машҳур, барчанинг ҳурматини қозонган «Текден фильм» ва «Бўздағфильм» бошқарув кенгаши раиси Меҳмет Бўздағ билан танишиб, ҳамкорлик қилаётганимизга ҳам икки йил бўлибди.

Бу инсонга ҳурматим, айниқса, унинг сценарийси ва продюсерлигида яратилган “Эртуғрул” сериалини томоша қилганимдан сўнг янада ошди. Ушбу киноасар жуда мукаммал яратилгани учун ҳам бутун тарихга бўлган муносабатим тубдан ўзгарди. Ва ўшанда Президентимиз топшириғи билан, яъни Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши йўлида белгиланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ миллатимизнинг асл қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги тарихий сериални суратга олиш ишларини айнан шу инсон кўмагида амалга оширишимиз мумкинлигини тушундим.

Дўстимизга ҳамкорлик таклифини берганимда, билдирган фикрларидан танлов борасида адашмаганимни англадим. Тарихни яхши кўрадиган, бунда ҳар бир детални назардан четда қолдирмайдиган, асосийси, ўзбек миллатини севадиган, унга билдирилган ишончни оқлаш йўлида бутун тарихий асарларимизни, адабиётларимизни катта қизиқиш билан ўқиб-ўрганган инсон, ўз касбининг ҳақиқий устаси билан ҳамкорликда ишлаётганимдан хурсандман.

Биз ушбу фильм орқали ўзбек миллатини бутун дунёга олиб чиқишимизга, ҳаммага асл тарихимизни кўрсата олишимизга ишонамиз. Бунинг учун ҳар биримиз бор кучимизни ишга соламиз.

Насиб этса, яқин кунларда, аввало, халқимизга “Мендирман Жалолиддин” телесериалини тақдим этамиз.

Озодбек Назарбеков таъкидлаганидек, менинг ҳам фильм ижодкорларига “Эртуғрул” сериалининг яратувчилари эканлигини билганимдан кейин янада ишончим ортди. Туғ қадимий туркийча сўз бўлиб, бугунги тилда байроқ деган маънони билдиради. Бувим раҳматлик байроқни туғ деб ишлатар эди. Бу сўз бизнинг тилимизда яқин – яқинларда ҳам қўлланиларди. Эр-ўғлон демак. Эртуғрул сўзи- юрт байроғини баланд кўтарган ўғлон деган маънони англатади, менимча.

– “Эртуғрул”  сериалида давлат муҳри ҳақида гап боради. У кимнинг муҳри эди? – дея дугонам сўраб қолди.

– Бизнинг ҳудудимизда қадимда миллий давлатчиликка асос солган тарихий шахс – Ўғизхон! Бу ҳақида темурийзода, аллома Мирзо Улуғбекнинг  “Тўрт улус ҳақида”ги китобида, шунингдек, Хоразмшоҳ Абулғози Баходирхоннинг “Шажараи турк”асарларида ушбу манба ҳақида фикрлар мавжуд. Ўқиб кўришингизни тавсия қиламан, – дея жавоб бердим.

Гўзал тарихимизни, фидойи аждодларимизни “Мендирман Жалолиддин” телесериали, Жалолиддин Мангуберди образи  орқали жаҳон аҳлига таништиришларида фильм ижодкорларига омадлар тилаб қоламан.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.