Маданият ва маърифат соҳасининг жонкуяри ЭРКИН САМАНДАР сўнгги манзилига кузатилди

0
114
марта кўрилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, носир,  драматург ва давлат арбоби Эркин Самандар вафот этди. 

Эркин Самандар 1935-йилнинг 22-мартида Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги Навхос қишлоғида дунёга келган. 1957-йили вилоят Педогогика институтини, 1967-йили ЎзФА Тил ва адабиёт институтининг аспирантурасини тамомлаган. Ўзбекистон телевидениеси “Ёшлик” студиясининг бош муҳаррири, адабий-драматик эшиттиришлар таҳририятининг бош муҳаррири, “Хоразм ҳақиқати” вилоят газетасининг бош муҳаррири, Бош вазир ўринбосари  вазифаларида фаолият кўрсатган.

 Биринчи шеърий тўплами “Аму жилолалари” 1966 йили чоп қилинган. Шунингдек, унинг “Дунёнинг ёшлиги” (1968), “Осмон тўла нур” (1970), “Вафо деган гавҳар” (1973), “Менинг йигитлик вақтим” (сайланма, 1979), “Қабул соатлари” (1980), “Соҳилдаги болалар” (1982), “Яблоня во дворе” (Москва, 1982), “Баҳор оқшомлари” (1984), “Шедрост рассвета” (1985), “Севги фасллари” (1987), “Бу боғни қайси боғ дерлар” (1988), “Севги китоби” (1996), “Ва яна баҳор” (2010, Сайёра Самандар билан ҳаммуаллифликда), “Кўнгил ёшлиги” (2010) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Шунингдек, шоир “Осмоннинг тош тулпори”, “Олтин сандиқ”, “Қўшиқ излаб”, “Самарқандни ошиқлар қурган” каби достонлар ва 100 дан ортиқ қўшиқлар муаллифидир.

 Эркин Самандар тарихий мавзуда яратилган  насрий асарлар – “Дарёсини йўқотган қирғоқ” (роман, 1989), “Тангри қудуғи” (роман, биринчи китоб 1989), “Қудуқ тубидан садолар” (роман, иккинчи китоб, 1989), “Паҳлавон Маҳмуд Пурёйвалий” (2000), “Султон Жалолиддин” (роман, 2007), “Қуюн юзлари ёхуд Огаҳий” (роман, 2009), “Ғайб қушлари” (роман, қисса ва ҳикоялар, 2011) каби китоблар муаллифидир.

 Драматург сифатида “Жавоҳир” (мусиқали драма, 1984), “Аждодлар қиличи” (тарихий драма, 1986), “Жалолиддин Мангуберди” (“Ёт ҳужра”,  1988), “Башорат” (мусиқали драма, 1988), “Арабмуҳаммад” (тарихий драма, 1992), “Дилда борим” (мусиқали комедия, 2012) каби саҳна асарларини ёзди. “Аваз Ўтар”, “Мадраим Шерозий”, “Минг отлилар диёри”, “Огаҳий қўлини олган раис”, “Хива”, “Қум сайли” каби ҳужжатли-публицистик фильмлар яратди, кўплаб эсселар ёзди.

 Хоразм вилоят мусиқали драма театрида “Дилда борим” (2012) ва “Жалолиддин Мангуберди” (2019) спектакллари саҳналаштирилган.

 Эркин Самандар миллий адабиётимиз ва журналистикамизни ривожлантиришдаги самарали ҳиссаси учун Ватанимизнинг олий мукофотлари – “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (1990) фахрий унвони ва “Дўстлик” (2015) орденига сазовор бўлган.

Шоир 14 апрель куни сўнгги йўлга кузатилди. Унда Хоразм вилояти ҳокими Ж.Раҳимов, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари М.Мирзо, Қорақалпоғистон халқ шоири Р. Мусурмон ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.

GUJUM UZ таҳририятидан: Хоразм халқининг куйчиси, севимли фарзинди Эркин Самандарнинг оиласига , фарзандларига, яқинларига чуқур таъзиямизни билдирамиз.  Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин, Ётган жойи нурга тўлсин.    

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.