Оқар дарё

0
154
марта кўрилган.

Урганчдаги “Зиёкор” китоб дўкони соҳибаси Тўхтажон Абдурахмонова Хоразм вилоятида ўтказилган “Намунали китоб дўкони” кўрик-танловида I-даражали диплом ва компьютер жамланмаси билан тақдирланди.

Вилоятда бўлиб ўтган китоб байрами доирасидаги танловда 21 та китоб дўкони чуқур ўрганилди. Урганч шаҳридаги “Хоразм маърифати” хусусий корхонасига қарашли “Зиёкор” китоб дўкони мудири Тўхтажон Абдурахмонова биринчи ўринни олганида тантана иштирокчилари меҳнат фахрийлари мустақил юртимиз фахри эканлигини таъкидлашди.

Бу аёлнинг ғайратига, шижоатига қараб уни меҳнат нафақасида деб ўйламайсиз. “Инсон учун биринчи бахт унинг соғлиги, иккинчиси гўзалликдир” деган эди донишманд Афлотун. Гўзаллик деганида, албатта ташқи қиёфа эмас, қалб гўзаллиги, эзгу ҳаракатларнинг чиройлилиги назарда тутилади. Тўхтажоннинг ана шундай орзулари эзгу, ҳаракату амаллари эзгу!

Алломалар нафақага чиққан даврни иккинчи ҳаётнинг бошланиши, инсоннинг ақлий тўлишган даври дейишади… Зеро, ёшликда одам оила, рўзғор, бола-чақа парвариши, хизматчилик деб елиб-югиради. Вақтни, ҳаётни шамолдек ўтётганини сезмай қолади, бироқ, бу жараёнида тажриба тўплайди. Мутахассис бўлиб етишади. Бола тарбиясида ҳам ўз фикрига эга бўлади. Шунинг учун халқимиз доно қарияни оқар дарёга қиёслайди. Тўхтажон Абдурахмонова узун ҳаёт йўлини босиб ўтди. Ҳозир эса таъбир жоиз бўлса, кексаликнинг гул даврида. Унинг нафақага чиққанига ўн йилга яқинлашди. Ўтган ўн йил унинг учун ҳаётининг энг гўзал даври – юксалишлар даври бўлди. Алломаларнинг”ахмоқ учун кексалик жабру жафо, жоҳил учун умрнинг қиши, донишманд учун-олтин куз”деган сўзларини ишлатсак, кексалик унинг учун олтин куз бўлди.

У бир умр китоб магазинида ишлаб келди. Меҳнат фаолиятини ўн саккиз ёшида китоб дўконида оддийгина сотувчиликдан бошлаган Тўхтажон Абдурахмонова бу касбга бир умрга боғланиб қолди. Кейинчалик китоб магазинининг мудири бўлди. Бу орада тўрт фарзандни тарбиялаб эр-хотин қўш қанот бўлиб вояга етказишди. Мамлакат истиқлоли унинг ҳаётини янада нурга тўлдирди. Магазинни хусусийлаштириб олишди.

Магазин Урганч шаҳрининг қоқ марказида Партов кўчасида жойлашган эди. Торгина кўчада пастқам уйлар турнадек тизилган бўлиб, кўримсизгина бу ерни китоб магазини нурга тўлдириб турарди. Зиё маскани ҳамиша гавжум бўлиб, эл одамларига нур улашарди. Ёшу қари у ерни “Тўхтажон опанинг магазини” дерди. Шаҳарликларнинг бари бу жойни яхши биларди. Чунки, ҳамманинг уйида фарзанди бор, улар китоб ўқийди. Ҳаёт ана шундай бир текис оқарди. Эрталаб эри ишга ташлаб кетади. Кечқурун олиб кетади. Эрталаб болаларини боғчага, мактабга беришади Кечқурун йиғиб чиқишади.

Ишхонада эса куни билан одамлар орасида, бири у китобни бири бу китобни сўраб келади. Одамларнинг табиатига қараб китоб тавсия қилади. Бунинг учун китоб оламидаги янгиликларни аввало ўзи билиб оларди. У китобларни мутолла қилган сари бу оламга қаттиқ боғланиб борарди.

Нафақага чиқса ҳам севимли фаолиятини давом қилдириб. юрганида бошида қора булут пайдо бўлди. Ҳам эрини йўқотди ҳам бутун умрига, ҳаётига гувоҳ бўлган дўкони ер билан текис қилинди. Бу йўқотиш унинг қалбини ларзага солди. Дунё кўзига қаронғу бўлиб кўринди. Ахир унинг бутун умри шу маскан билан боғлик. Бу ерда бахтини топди, бу ерда касбга бўлган муҳаббатни кўнглига тугди. Ахир, қирқ уч йил бўлибди-ки, бу маскан унинг иккинчи уйига айланган эди… Мамлакатимиз мустаққил бўлиб хусусий мулкчиликка йўл очилгач, ўзи ишлаган магазинни хусусийлаштириб олганида бир қувонди. Китоб савдоси янада гуллаб-яшнаганида, истиқлолни алқади. Элга зиё улашиб, ўз оиласи фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб турган дўкони бузиладиган бўлиб қолганида, гангиб қолди. Неча-неча тунларни йиғлаб бедор ўтказди. Куйинди, оғринди, Бироқ, қарилик нафақасида бўлса ҳам ўзини, қаддини тиклашга ва дўконни қайта гуллатишга куч топа олди. “Нима-ки бўлса, яхшиликка йўймоқ керак экан. Давлатимиз эски дўконимни бузгани учун эвазига 40 миллион маблағ берди. Унга қўшимча давлатдан кредит ҳам олдим ва янги қурилишни бошлаб юбордим. Кўз қўрқоқ қўл ботир дегани шу бўлса керак. Янги кўчада янги магазиним қаддини кўрсатган сари ғам – ташвишларим унитилди” – дейди у. Унинг гапларини тинглаб, унинг умр йўлига қараб, ҳаётини кузатиб, инсон ана шу улуғвор оламнинг бир зарраси эканлигини, киши жамиятдан айро яшай олмаслигини, ундаги ўзгаришлар инсон тақлдирига ҳам таъсир этишини англаб етамиз.

“Урганч шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ободонлаштириш ишларини ва Хоразм вилояти аҳолисини ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги мамлакатимизнинг биринчи президенти қарори аслида нур устига нур бўлди. Ушбу қарору фармойишлар асосида ишчи коммисияси тузилди, вилоятни ижтимоий иқтисодий-ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган мажмуавий дастурлар ишлаб чиқилди.

Мазкур дастурлар асосида вилоят, жумладан, Урганч шаҳри улкан қурилиш майдонига айлантирилди. 2013–2017 йилларда Урганч шаҳрининг ижтимоий бозор инфратузилмасини ривожлантириш ва архитектура қиёфасини ўзгартириш бўйича 127 та чора-тадбирларнинг бажарилиши белгиланди. Ўтган йиллар ичида ушбу қадимий ва навқирон шаҳар бутунлай янги қиёфага эга бўлди. Ана шу улуғвор ўзгаришларга Тўхтажон ҳам муносиб ҳисса қўшди, десак арзийди. Яна қандай пайтда қарилик гаштини суриб ўтирадиган бир даврда! “Анча қийналдим, бироқ, кўриб турибсиз замонавий китоб дўкони вужудга келди. Бу ерда нафақат ушбу дўкон қайтадан барпо этилди, балки ушбу кўча қайта қурилди. Ҳар куни ишга келаётганимда равон йўллар, шинам ва кўркам бинолар, гўзал ёритгичлар қўйилган кўчамизни кўрганимда қувонаман. Ишхонамга кириб эса яна бир қувончимга минг қувонч қўшилади. Гавжум дўконимни, зиёга интилаётган харидорларни кўриб дилим янада равшанлашади. – дейди дўкон директори Тўхтажон Абдурахмонова.

Кейинги йилларда шаҳарнинг бош майдони ёнида Янги Урганч кўчаси қад ростлади. Бу ерда деҳқон бозори замонавий лойиҳа асосида қайтадан қурилди. Шунингдек, “Тўмарис” номли уч қаватли гипермаркет шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди. У она болалар учун жуда қулай шароитларга эга. Қишда иссиқ, ёзда салқин. Янги Урганч кўчасига параллел жойлашган шоир Партов номидаги кўча ҳам Тўхтажон айтгандек, қайтадан қад ростлади. Бир пайтлар бу ер пастқам эски уйлардан иборат бўлган бўлса, янги лойиҳага кўра халқ амалий санъати намуналарини харид қилиш мумкин бўладиган замонавий ва миллий услубдаги ўзига хос савдо-сотиқ тармоқлари кўчасига айлантирилди. Қайта барпо этилган Партов кўчаси Тўхтажон Абдурахмонованинг “Зиёкор” китоб магазинидан бошланади. Ушбу дўкон ҳам миллий архитектура услубидаги кўчага монанд равишда қайтадан барпо этилди.

Бу китоб дўконининг қайта ишга тушган кунини Тўхтажон ҳеч унитмайди. Ўша куни қайтадан бунёд этилган Урганч аэропортининг очилиши ҳам бўлгани, магазин очилиши тантанасида вилоят ҳокими ўринбосари, сенатор Сайёра Абдукаримова ҳам қатнашгани хусусида завқ-шавқ билан гапиради.

Унинг сўзларини тинглаб, мен ҳам қадрдон шаҳрим Урганчда деярли ҳар куни бирор иншоатнинг очилиш тантаналарида қатнашиш мумкинлигини фахр ва завқ-шавқ билан юракка туйдим.

Зеро, мен Тўхтажон билан қайта бунёд этилган кўркам ва сўлим гўшалардан бири “Ёшлик” кўчасининг Туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган китоб байрамида танишдим. Биринчи марта талабаларни қабул қилишга шай турган билим даргоҳида зиёга йўғрилган илк тадбир – “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор”шиори остидаги Республика “Китоб байрами”ининг Хоразм вилояти тадбирлари тантанали тарзда ўтказилди. Ушбу байрамда Тўхтажон янги китобларнинг кўргазмасини ҳам уюштиришда қатнашди.

“Китоб байрами” тадбирларининг очилишида вилоят ҳокими ҳам қатнашиб,  байрам иштирокчиларини маънавият, маърифат, адабиёт ва гўзал қадриятлар байрами билан қутлаб, шундай деди: – Халқимизнинг энг яхши фазилатларидан бири унинг китобга бўлган чексиз муҳаббатидир, Зеро, миллатнинг миллат, халқнинг халқ бўлиб шаклланишида китобнинг ўрни бениҳоядир. Китоб – миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси сифатида қадрланади ва бу мерос авлодлардан авлодларга ўтиб келмоқда. Ана шу давомийликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётганлар бу элимизнинг бахтли, фидойи одамларидир”.

Кўрик-танлов ғолибларига вилоят ҳокимининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Улар сафида Тўхтажон ҳам бор эди.

Бугунги кунда Урганч шаҳрида ва туман марказларида замонавий меъморий гўзаллик асосида қад ростлаган намунали китоб дўконлари китобсеварларнинг севимли даргоҳига айланмоқда. Бунёд этилаётган китоб дўконлари харидорлар учун жуда қулайлиги, ёруғ ва шинамлиги, китобларнинг турли хиллиги, кўплиги ҳамда сотувчиларнинг хоридорларга хушмуомаласи билан алоҳида ажралиб туради.

Биз биринчи ўринни эгаллаган Тўхтажон Абдурахмонованинг дўконини кузатамиз. У ер мамлакатимизнинг биринчи президенти портрети, Давлатимиз мадҳияси, герби ва байроғи акс этган плакатлар билан безатилган. Албатта, бу ҳам хоридорлар учун тарғибот-ташвиқотнинг бир йўналиши ҳисобланади. Пештахтадаги шиорлар ҳам эътиборни тортади: “Китоб – хазина, ақл – бойлик”, “Китоб-ақл қалъаси!” Улар яна бир гўзал кўргазмали маънавий-маърифий тарғибот эканлиги билан болаларни, ёшларни, барчани билимга чорлаб тургани билан афзалдир.

Дўконда китобларга қўйилган нархлар, туркумлаштириш даражаси, ташқи кўриниши, жойлашуви, дизайни, озодалиги, ёруғлиги, болалар адабиётларига 10 фоиз, катталар адабиётларига 20 фоиздан ортиқ қўшимча нарх белгиланмаганлиги билан ажралиб туради. Савдо хизмати, сотувчилар маданияти талаб даражасида. Дўконда 550 номдаги 20 мингдан ортиқ китоб мавжуд бўлиб улар йигирма бўлимга ажратилган. Китоблар соҳалар бўйича алоҳида жавонларга тахланган. Дўкондаги мавжуд китоблар “Иқтисодиёт”, “Бадиий адабиётлар”,”Тиббиёт”, “Букинист”, “Жаҳон адабиётлари”, “Болалар адабиёти”, “Ўқув-услубий адабиётлар”, “Коллеж адабиётлари”, “Тилга оид адабиётлар”, “Аждодларимиз мероси”, “Шеърият”, “Детская литература”, “Русская литература” каби номланишлар остида туркумлаштирилган.

Касса усканасининг ёнида иккита диплом осилган. “Намунали китоб дўкони” кўрик – танловида олган биринчи ва иккинчи даражали диплом эди. Унинг ёнидаги столда телевизор ишлаб турарди. Магазин соҳибаси бу дипломга қўшиб берилган мукофот эканлигини изоҳлади.

Ўтган йили коллежни битириб бу ерга ишга келган Рўзагул Рахимова шундай дейди:”Ишга келганимда, бу ерда зерикиб ўтирсам керак, ким ҳам кирарди деб ўйлаган эдим. Бироқ келган-кетганнинг кети узилмайди. Халқимиз, айниқса, ёшларимиз нурга интилишини шу ерга келиб англаб етдим”, – дейди самимийлик билан у.

Биз дўконга борган куни у ерга кондиционер ўрнатилаётган экан. “Эримни йўқотганлигим ана шундай дақиқаларда жуда билинади. Мени энг яқин ёрдамчим эди. Китоб дўконимдаги мана бундай техник ишларга бош-қош эди… – дейди у.

Тўхтажон эри билан икки қиз ва икки ўғли – тўрт фарзандни тарбиялаб вояга етказишди, уларнинг ҳар бири ҳаётда ўз ўрнини топиб кетган. Дуконда уч киши ишласа, бири ўзининг қизи Дилфузахон Ибадуллаева. У онасидан дўкондорлик сирларини, хоридорлар билан ўта маданият билан гапириша олиш, китобга меҳр қўйишда уларга кўмаклашиш маҳоратидан сабоқ олмоқда. “Бу ерда қизим мен билан ёнма ён ишлаётгани, ишимни давом эттираётгани мени жуда хурсанд қилади. Қолаверса, қизим магазиннинг ҳисоб-китоб ишларини ҳам юритади. Оилавий тадбиркорликни йўлга қўйдик десак ҳам бўлаверади. Мустақил Ўзбекистонимизнинг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонуни биздек тадбиркорларнинг ишини янада енгиллаштирди”, – дейди Тўхтажон.

Тўхтажон мени янги Партов кўчаси бўйлаб кузатиб қўяр экан, ёнма ён жойлашган дўконлар билан бир-бир таништириб ўтади. “Ёнимдаги бу магазинда бешик ва унинг ўзига хос анжомлари сотилади. Бу магазинда эса келин либосларини истаб келганларнинг кети узилмайди. Бунисида эса Хоразм халқ амалий санъатини акс эттирувчи рўзғорбоп буюмлар, бунисида миллий либослар. Бир сўз билан айтса, бу ерга келган киши зарур рўзғорбоп буюм, либос, эсдаликбоп нарсаларни бемалол харид қилиб кетади. Бир қарашда бу кўчадаги магазинлар музейни эслатади, шундай эмасми?! Кўчанинг ана шундай қадимий расталарга ўхшатиб, ташкил этилгани китобларнинг харидоргирлигини ҳам таъминлаяпти. Урганчнинг қайтадан бунёд этилаётганидан, унда бизнинг ҳам ҳиссамиз борлигидан жуда хурсандман.” дейди у завқ билан.

Тўхтажон билан хайрлашар эканман, одамлар қалбида эзгуликлар борлигидан, гўзал қадриятлар давом этаётганидан, буларнинг бари мамлакатимиздаги иқтисодий-ижтимоий сиёсатнинг тантанаси эканлигини юракдан ҳис қиламан.

 

Раъно Зарипова,

Ўзбекистон Республикасида хизмаи кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.