Халқаро болалар китоби куни

0
407
марта кўрилган.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқаро болалар китоби куни муносабати билан давра суҳбати ўтказилди. Ҳудойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон, Дилшод Ражабов, Хамидулла Акбаров, Неъматжон Душаев, Шукур Абдуллаев каби болаларнинг севимли шоирлари ва ёзувчилари иштирок этди.

Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи муҳаррири Даврон Улуғмуродов тадбир иштирокчиларини қутлади, уларга Халқаро болалар кунини нишонланиш тарихи ҳақида сўзлаб берди ва Ўзбекистон Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр қилиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-3271-сон Қарорининг ижросини таъминлаш йўлида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилаётган янги нашрлар билан таништирди. Шунингдек, у нашрга тайёрланаётган болалар адабиётининг «Олтин тўплам» серияси ҳақида маълумот берди ва тез кунларда болажонлар қўлларига тегишини айтди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳудойберди Тўхтабоев болажонларни ажойиб байрам – Халқаро болалар куни билан қутлар экан, уларга эртаклар, эртаклардаги ҳикматлар, уларнинг болалар тарбиясидаги кўринмас кучи ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек адиб, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилаётган китоблар, нашрларнинг адади, республикамизнинг узоқ ҳудудларига етиб бориши ва уларнинг нархи билан боғлиқ муаммолар устида алоҳида тўхталди.

Болалларнинг севимли шоири Анвар Обиджон бола тарбиясида китобнинг ўрнини эътироф этиб, болаларни кўпроқ мутолаа қилишга чақирди. «Китоблардаги воқеалар, ибратли ҳикоялар, эзгу эртаклар орқали инсон шаклланади. Китобларда маъно кўп, фикр кўп бўлади. Эртак – бу инсонларни эзгуликка чорловчи, ёмонликдан қайтарувчи, айёрлик, ёлғончиликдан эҳтиёт бўлишга чақирувчи кичик ҳаётий ҳикоядир», — деди ва ўз қаламига мансуб шеърлардан намуналар ўқиб берди.

Болаларнинг севимли шоирлари Дилшод Ражабов, Хамидулла Акбаров, Неъматжон Душаев, Шукур Абдуллаевлар ҳам болаларни китобни севишга, уни асраб, авайлаб, севиб мутолаа этишга чақирдилар ва ўз ижодларидан шеърлар ўқиб бердилар. Чилонзор туманидаги 138-умумтаълим мактаби 6-синф ўқувчиси Динара Нарзиллаева ҳам ўз қаламига мансуб шеърлардан ўқиб, отахон-шоирлар олқишларига сазовор бўлди.

Юнусобод тумани 51-умумтаълим мактаби қошидаги «Ғунча» рақс жамоаси тадбир иштирокчиларига дунё халқлари рақсларидан гулдаста армуғон этди.

Манба: Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.