Пойтахтимиздаги муҳташам “Миллий“ стадионда 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Ёшлар – Ўзбекистон келажаги” деб номланган байрам гала-концерти ўтказилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этилган шодиёнага 20 мингга яқин тамошабин ёшлар ташриф буюрди.
Тадбирни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Абидович Артиқходжаев кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни мустақил фикрлаши, орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг фахрий қоровули ва ҳарбий оркестрининг алоҳида мусиқий-кўргазмали чиқишлари ёшлар олқишига сазовор бўлди.
Тантанали байрамда ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, бадиий жамоалар, эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури барчада катта таассурот қолдирди.