Мактабларда “кундалик” тизими on-line шаклга ўтадими?

0
662
марта кўрилган.

Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида «KUNDALIK» таълим платформасидан фойдаланиш бўйича ўқув-семинар ўтказилди.

Cеминарда иштирокчиларга электрон журнални тўлдириш, унга уй вазифалари ва дарс режалари ҳамда эълонларни киритиш, ўқувчиларни баҳолаш ҳамда тизимни бошқариш бўйича батафсил маълумот берилди. 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг октябрь ойида Халқ таълими вазирлиги ҳамда «KUNDALIK» компанияси мактабда электрон журнал ва кундаликларни жорий этиш бўйича лойиҳани амалга ошириши тўғрисида хабар берилган эди. Эндиликда “KUNDALIK” компанияси барча харажатларни ўз зиммасига олган ҳолда мазкур тизимни жорий этиш, фаолиятини таъминлаш ва ривожлантириш ишларини олиб боради.

Тизим онлайн тарзда ўқитувчиларни дарсларини режалаштириш, дарс жадвалларини тузиш, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси ва давоматини электрон журнал ва кундаликларда қайд этиб бориш, шунингдек, таълим бошқарув органлари ва муассасаларга статистик ҳисоботларни шакллантириш учун хизмат қилади.

“KUNDALIK” тизими ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига 24 соат давомида баҳолар ва уй вазифалари ҳақидаги маълумотларни кузатиб бориш имконини беради. Шу билан бирга, улар ҳимояланган ижтимоий тармоқ орқали мулоқот қилишлари ҳамда онлайн кутубхона ва таълимга оид медиа ресурслардан фойдаланишлари мумкин.

– Бугунги кунда Ўзбекистон мактабларида электрон журнални жорий этиш бўйича “KUNDALIK” лойиҳасини амалга оширяпмиз. Тизим билан ишлаш учун интернетга уланган компьютер кифоя. Бундан ташқари, ўқитувчилар мобиль қурилмалар учун мослаштирилган версиясидан ҳам фойдаланишлари мумкин, – дейди компания вакили Юрий Бойко.

– 2018 йилнинг ноябрь ойида Россия мутахассислари билан биргаликда кундалик.уз лойиҳаси бўйича дастлабки ишларни бошладик, – дейди Юнусобод туманидаги 235-мактаб директори Мўъмина Сулаймонова. – Дастлаб, мазкур дастур 3-, 8-, 10-синфларда амалда жорий этилди. Албатта, биринчи қадамда бироз қийинчиликлар кўзга ташланди. Рўйхатни шакллантириш бўйича амалий маслаҳатлар берилганидан сўнг ишимиз янада осонлашди. Мазкур лойиҳа ўқувчиларни баҳолаш ҳамда ўқитувчиларнинг кундалик режасини киритишда анча қулайликлар яратди. Лойиҳанинг ҳар томонлама қулайлиги, айниқса, ўқув ишлари буйича директор ўринбосарларининг иши осонлашгани мактаб жамоамизга манзур бўлди. Дастлаб лойиҳада иштирок этган 7 нафар ўқитувчи кейинги босқичларда таълим масканимиздаги барча педагогларга ушбу тизимнинг қулайликларини ўргатиб боради.

Келгусида kundalik.com орқали барча ўқувчиларимиз ҳамда ота-оналар ўқитувчи томонидан қўйилган баҳоларни онлайн кузатиб бориш имконига эга бўлишади.

Эътиборлиси, ўқувчи баҳосини маълум муддат ўтгандан сўнг ўзгартириш каби ҳоллар бартараф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ Таълими Вазирлиги матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.