Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди

0
37
марта кўрилган.

20 январь куни мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида. 

Президент Шавкат Мирзиёев халқимизга Мурожаатномасида “ижтимоий давлат” тамойилига алоҳида эътибор қаратган эди. Айнан айтганда, “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”.

Бунга эришишнинг асоси, биринчи навбатда, таълим. Шу боис Мурожаатномада мактаб ўқувчиларини камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш устувор вазифа этиб белгиланган эди.

Сўнгги йилларда таълимга, ўқитувчиларга эътибор ошди, олий таълимда қабул сони ва йўналишлар кўпайди. Лекин, мактаблардаги сифат ҳали талаб даражасига чиққани йўқ. Масалан, 11 йил мактабда ўқиган бола чет тилини мукаммал билмайди. Шароит ва мутахассислар йўқлиги сабабли ёшларни касбларга қизиқтириш муҳити шаклланмаган. Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келмоқда.

Шу боис йиғилишда хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчиларни касбга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.

– Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу тажрибани жорий этиш учун ҳар бир вилоятдан биттадан шаҳар ва иккитадан туман танлаб олинган. Улардаги 2 мингдан ортиқ мактабларнинг шароити, педагоглар малакаси, ўқувчиларнинг касб-ҳунар ва хорижий тилларга қизиқиши ўрганилган.

Энди туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилиши кўзда тутилмоқда.

Шу боис ҳокимликларга ушбу танлаб олинган мактабларда касб-ҳунар устахоналари ташкил этиш, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлаш вазифаси қўйилди. Бунга ёшлар етакчилари ва тадбиркорлар ҳам жалб этилади, Ёшлар жамғармасидан маблағлар йўналтирилади.

– Ҳозир тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчиларни шу масала қийнаяпти: бўш иш жойи кўп, ойлиги ҳам яхши, лекин ўқуви ва кўникмаси бор ишчи йўқ. Агар бу тизим тўғри ташкил қилинса, биздаги демографик ўсиш билан катта натижаларга эришса бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, ўқувчиларни ахборот технологиялари ва “креатив индустрия” бўйича замонавий касбларга ўргатиш муҳимлиги таъкидланди.

Чет тилларини сифатли ўргатиш учун мактабларга “тил эгаси” бўлган педагоглар жалб қилиш, Президент мактабларининг тил ўргатиш тажрибаси, дарслик ва дастурларини татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилишда вилоят ҳокимлари танланган мактаблар мисолида хорижий тиллар ва касб ўргатишни ривожлантиришга оид режалар юзасидан ахборот берди.

Шунингдек, Президент тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларига қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш борасида масъулият ва назоратни кучайтириши лозимлигини кўрсатиб ўтди. Тадбиркор ва корхоналар фаолиятидаги муаммоли масалаларни ҳал қилишда уларга яқиндан кўмаклашиш, зарур ҳолларда молиявий ресурслар ажратиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш ва бозорларда таклифни кўпайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.