Ёзувчилар уюшмасида “Ватандошлар” жамоат фонди ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳамкорлик битими имзоланган тадбирда фонд раҳбари Одилжон Сатторов ва уюшма раиси Сирожиддин Саййид қатнашиб, ҳужжатга имзо чекди. Учрашувда раҳбарлар ўз фикрларини билдирар экан, ҳамкорлик алоқасини ўрнатишдан кўзланган мақсад, хорижда яшаб ижод қилаётган ватандошларимиз асарларини, чет эл адабиётидан қилинган таржималарини ва ўзбек шоир ва ёзувчиларининг хорижий тилга ўгирилган асарларини чоп этиш ва тарғиб қилиш эканини айтишди.
Меморандумга кўра, нашр этилган китоблар тақдимоти хорижда ҳамда Ўзбекистонда ўтказилади. Ижодий жамоалар, нашриётлар, газета ва журналлар ходимлари ҳамда муайян адибларнинг бирон бир асар яратилиши жараёнида керакли материалларни тўплаш мақсадида уюштириладиган ижодий сафарларнинг амалга оширилишига кўмаклашади.
Турли мамлакатларда Ўзбекистон Республикаси билан бир вақтда нишонланадиган умумхалқ байрамларининг ўтказилишида шоир ва ёзувчиларни сафарлар қилишда, элчихоналар, маданий марказлар билан боғланишда ва атоқли ёзувчи ва шоирлар таваллудининг юбилей саналарини кенгроқ нишонлашда, тарғиб этишда ҳам ҳамкорлик қилади. Хориждаги ватандошлар учун ўзбек тилидаги энг сара адабиётларни шарҳловчи видеоматериллар мунтазам тайёрлаб борилади.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати