Мева-сабзавот экспортини ошириш чоралари белгиланди

0
25
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 ноябрь куни мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мамлакатимизда 4 миллион гектардан зиёд суғориладиган экин майдонлари бор. Уларда, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва иқтисодиёт тармоқлари учун хомашё етиштирилмоқда. Охирги йилларда пахта ва ғалла майдонларидан 260 минг гектар деҳқончилик учун ажратилган. Энди яна 104 минг гектар берилиши мўлжалланган.

Бу йил озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга кўпайиб, ҳозиргача 2 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича дунёда учинчи, гилос ва шафтоли бўйича еттинчи, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича ўнинчи ўринга чиқди. Биргина гилос 16 та мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Экспорт Қорақалпоғистон ва Жиззахда 2,2 баробар, Хоразмда 1,8 баробар ва Сурхондарёда 1,6 баробар кўпайган. Лекин айрим вилоят ва туманларда ўзгариш сезилмаган.

Масалан, ери кўп бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятидаги ўсиш уларнинг имкониятига мос эмас. Бухоро ва Сирдарё вилоятларида экспорт ўтган йилга нисбатан камайган.

Юртимизда 5 мингдан ортиқ қишлоқ маҳалласи бор. Туман маркази ва шаҳарларда яна 2 мингдан кўпроқ маҳалладаги хонадонлар томорқага эга. Лекин атиги мингта маҳаллага кўчат тарқатилиб, маҳсулотни сотиб олувчи тадбиркор бириктирилган. 26 та туманда томорқа хизмати йўлга қўйилмаган. Баъзи жойларда деҳқонларга сифатсиз уруғ сотилгани туфайли маҳсулот йўқотилган.

Шу боис ҳар бир маҳалла, хонадон ва фермер хўжалигига Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ходими бириктирилиши белгиланди.

Томорқа ва уйлар олди, маҳалладаги кўчалар бўйи, дала чети ва каналлар атрофида 650 минг гектар ер бор. Бу ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ва дарахтлар экиш учун яхши имконият. Энди бу ерларнинг аниқ ўлчами тасдиқланиб, Агроплатформага киритилади. Аҳоли ва фермерлар сифатли уруғ танлаш, дори ва ўғитни тўғри қўллаш, маҳсулотни сифатли сақлашга ўргатилади.

Бу саъй-ҳаракатни рағбатлантириш катта енгилликлар берилади. Дала четини самарали ишлатган фермерларга тадбиркорлар рейтингида қўшимча балл ҳисобланади, ички фитосанитар сертификати бир йил давомида бепул берилади. Фермернинг барча ерлари учун ер солиғини икки йилга бўлиб тўлашга рухсат этилади. “Оилавий тадбиркорлик” дастуридаги 100 миллион сўмгача бўлган кредитлар соддалашган тизимда ажратилади. Дала четлари ҳисоби, етиштирилган маҳсулот ҳажми “e-Fitouz” портали орқали назорат қилиб борилади.

Маҳаллалардаги кўчалар ва кўп қаватли уйлар атрофида 10 миллион туп узум экиш ташаббуси билдирилди. Улар ўсиб, ҳосилга киргунча Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши барча агротехник тадбирларга кўмаклашади. Маҳсулотларни сотиб олиш учун маҳаллалар экспортчи корхоналарга боғланади.

Йиғилишда мева-сабзавотларни қайта ишлаш масаласи таҳлил қилинди.

Пишиқчилик даврида нарх тушиб кетиши оқибатида карам, лавлаги, пиёз каби маҳсулотлар далада қолиб кетаяпти. Бу йил тарвузнинг ҳам катта қисми йиғиб олинмади. Ҳолбуки, эҳтиёждан ортган маҳсулотни қуритиб, кукун шаклида экспорт қилиш мумкин, бунга қандолатчилик корхоналарида талаб катта.

Экспорт йил давомида бўлиши учун “шок” усулида музлатиш технологияси самарали. Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоят ҳокимларига келаси йил шундай лойиҳаларни ишга тушириш топширилди.

Шунингдек, 10 та агрологистика маркази, мингдан ортиқ совуткичли омборхона ташкил этилади. 40 минг гектардан ортиқ саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этилади.

Маълумки, жаҳон бозорида органик маҳсулотлар нархи 2-3 баробар қиммат. Юртимизда 10 та тумандаги 3 минг 900 гектар майдонда органик сертификат бор, холос. Андижон, Жиззах ва Хоразмда эса бундай маҳсулот етиштириладиган бирорта ер йўқ.

Ваҳоланки, сув омборлари атрофида пестицид ишлатилмайдиган 2 минг гектар ерда экин етиштирилаяпти. Фақат уларга органик сертификат олиниб, тоза уруғ ва кўчатлар экилса бўлгани.

Шу каби имкониятлар кўрсатиб ўтилиб, мутасаддиларга 2025 йилда органик майдонларни 10 минг гектарга, келгуси уч йилда 100 минг гектарга етказиш вазифаси қўйилди.

Энди органик майдон ташкил қилган фермер ва деҳқонларга ерни лазер билан текислаш харажати давлат томонидан қоплаб берилади. “Органик”, “Глобал Гап”, “Ҳалол”, “Кашер” каби сертификатларни олиш харажатлари учун тадбиркорларга субсидия ажратилади.

Бу йил Ўмон Султонлигининг йирик савдо тармоқларида Ўзбекистон маҳсулотлари учун алоҳида раста ажратилиб, илк бор гилос, шафтоли ва ўрик экспорти йўлга қўйилди. Буни Малайзия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Сингапур, Жанубий Корея, Япония ва Европада ҳам кенгайтириш зарурлиги таъкидланди. Савдо ярмаркалари ташкил қилиш, фитосанитар рухсатнома олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Умуман, ушбу чора-тадбирлар орқали келгуси йилда мева-сабзавот экспортини 3,5 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилишда, шунингдек, атроф-муҳитни асраш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Мутасаддилар Андижон, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаларининг бориши юзасидан ахборот берди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига яна бир бор эътибор қаратилди. Бу ҳаракат доирасида ҳар йили баҳор ва кузда 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган. Шу пайтгача вазирлик, идора ва ҳокимликлар томонидан 257 та “яшил боғ” барпо этилиб, уларнинг сони 517 тага етган.

Президентимиз бу хайрли ишда давлат ташкилотлари намуна бўлиши, қурилиш компаниялари ижтимоий масъулият олиши кераклигини таъкидлади.

Йиғилишда ижро интизоми масаласи ҳам таҳлил қилинди. Йил якунигача оз қолгани, белгиланган барча вазифаларни бажариш натижадорликни ошириши қайд этилди. 

Келгуси йил ҳар бир вазирлик, вилоят ва тумандаги ишларнинг тизимли ҳисоби олиб борилади. Бу электрон платформага ўтказилиб, сўров ҳам, маош ҳам шунга боғланади.

Бош вазирга ушбу тизимни йўлга қўйиб, ижро интизоми ва назоратини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.