Тўрт кун давомида Хитой Тайпейида ўтказилган фигурали учиш бўйича «Тўрт қитъа кубоги» турнири якунланди. Ушбу турнирда тўрт қитъа: Африка, Америка, Осиё ва Австралия/Океания минтақаларидан спортчилар иштирок этдилар. Мусобақа кўпгина спортчилар учун қишқи Олимпия ўйинлари олдидан сўнгги тайёргарлик босқичи вазифасини ўтаб берди.
Унда иштирок этган ҳамюртимиз Миша Ге 25 январь куни қисқа дастурда чиқиш қилиб 8-ўринни эгаллагани хақида хабар бергандик. Бугун Миша энди эркин дастурда ўз омадини синаб кўрди.
Дастур якунига кўра Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси 7-ўринни эгаллади. Аммо ундан юқорида турган спортчилар бугун эркин дастурда бироз муваффақиятсиз иштирок этишгани сабаб, Миша Ге умумий ҳисобда турнирни ўттиз нафар спортчи орасида 6-ўринда якунлади.
Маълумот учун, Миша Ге Хитой Тайпейидан тўғри АҚШга парвоз қилади ва Олимпия ўйинлари олдидан сўнгги ўқув-машғулот йиғинларини океан ортида ўтказади. 11 февраль куни у Лос-Анжелесдан тўғри Пхёнчханга учади.
Эслатиб ўтамиз, XXIII қишки Олимпия ўйинлари 9-25 февраль кунлари Корея Республикасининг Пхёнчхан шаҳрида бўлиб ўтади. Унда икки нафар спортчимиз Миша Ге (фигурали учиш) ва Комил Тўхтаев (тоғ чанғиси)лар юртимиз шарафини ҳимоя қилишади