“Мустаҳкам оила сари “  ёш оилалар форуми

0
309
марта кўрилган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ёшлар ижод саройида ёш оилаларга амалий кўмак бериш мақсадида “Мустаҳкам оила сари” шиори остида янги лойиҳа, янги тадбир —  ёш оилалар форуми ташкил этди.

Анжуманда ёшлар ўртасида оила муқаддаслиги ғояларини тарғиб этиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлайдиган суҳбатлар ўтказиш, оилани режалаштириш, ажрим ҳолатларининг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, оилавий муносабатларда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушинтириш, фарзанд тарбиясида ота- оналарнинг ўрни ҳақида тушинчалар бериш мақсадлари кўзланган.

Форумда малакали психологлар, таниқли санъаткорлар, маданият ходимлари, шифокорлар, ҳуқуқшунослар ва ёш оилалар ҳамда оила қуриш арафасида турган ёшлар иштирок этишди.

Психологлар Замира Азимова, Шоира Исакова, Вилоят Давлетова, Мадина Хирочевалар томонидан оммавий ҳамда индивидуал суҳбатлар ташкил этилди. Оила қуриш қадимий қадрият бўлиб, муҳаббат, самимият, назокатли муносабат, ўзаро ҳурмат ва эътибор асосида бўлиши лозимлиги ҳақида батафсил тушинчалар берилди.

Эл суйган машҳур саъаткорлар- Гавҳар Зокирова, Шуҳрат Қаюмов, Раъно Шодиева оилавий муоммоларга тўғри ёндашув ҳамда қиз фарзанд тарбиясида оталарнинг ўрни хусусида ўз  фикр-мулоҳазалари билан иштирок этиб, амалий маслаҳатлар бердилар.

 Шифокор- гинеколог Зарина Ходжаева ёш оналар ва келинларда учрайдиган турли хил касалликлар ва уларнинг олдини олиш борасида суҳбатлар уюштирдилар.

Ҳакамлик суди судяси Гўзал Турсунметова ҳамда ҳуқуқшунос Шахноза Гаффаровалар ёшларга оид янги қонунлар ҳақида гапирдилар ва  анжуман қатнашчиларини қизиқтираётган ҳуқуқий саволларига жавоблар бердилар.

Анжуман ташкилотчилари инсоннинг ташқи қиёфаси ҳам оилавий муҳитига таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, форум доирасида аёллар ва эркаклар стилистлари ҳамда визажистлари томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.

“Ўзбекистон ёшлари  эрта турмуш ва норасмий никоҳни қоралайди” шиори остида “Эрта никоҳ- миллат заволи” дея номланган эрта никоҳнинг оқибатлари, бахтли ва соғлом турмуш учун ҳуқуқий, тиббий, ижтимоий тавсиялар битилган рангли қўлланмаларни оила ва дўстлар даврасида ўқиш учун  тарқатилди.

У тадбир ёш оилаларнинг вакиллари учун чинакам байрамга, амалий кўмак майдонига айланди. Форум сўнгида мана шундай тарғибот-ташвиқот ҳамда маслаҳат  тадбирларини доимий ўтказиб бориш бўйича келишиб олинди.

Якуний қисмда  таниқли санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.

Ж.Саълуллаев, Муаллиф олган сувратлар.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.