Мустаққиллик фарзанди – Ўғилнур Aтаеванинг юлдузли онлари!

0
111
марта кўрилган.

 Ўзбекистон мустаққилигининг 30 йиллиги нишонланадиган ушбу улуғвор йилда хоразмлик   ёш муаллима йигирма олти ёшли  муаллима Ўғилнур учун  жуда омадли ва самарали йил бўлди.  Қатор-қатор эътирофларни эшитиш насиб этди.

“Интилганга толе ёр” деган халқимизнинг ибораси бежиз эмас. Ота –онаси уни туғилганида “ўғилнинг ўрнини боссин” дея эзгу- ниятлар билан Ўғилнур дея атагани ҳам беиз кетмади.

Аввалроқ, Ўғилнур Атаева ушбу йил Қозоғиcтон Республикасининг Нурсултон шаҳрида МДҲ давлатлари ўртасида ўтказилган “Йилнинг энг яхши ёш олими – 2021” Халқаро танловида 14 та мамлакат ичида чет тилларни ўргатиш йўналишида ёзган қўлланмаси биринчи ўринга лойиқ кўрилиб, олтин медаль билан тақдирлангани ва Миср давлатида 2-4 июнь кунлари бўлиб ўтадиган адабий анжуманга йўлланмани қўлга киритгани ҳақида  хабар берган эдик.

Атиги икки йиллик педогогик стажга эга ёшгина муаллима яна ушбу йилда  “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонини олиб, устоз деган улуғвор номга ҳам сазовор бўлди.

Унинг бу йилги яна бир гўзал ютуғи 6-9 август кунлари Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида ўтказилган «Туркияда II-Адабиёт кунлари-2021» анжуманида (”KIBATEK INTERNATİONAL LİTERATURE PRİZE-2021») мукофоти соҳибаси бўлди.

Ушбу мукофот ҳар 2 йилда бир марта халқаро миқёсида асарлари нашр қилинган энг яхши китоб муаллифларига тақдим қилинади. Ушбу нуфузли мукофот KIBATEK ташкилоти вице президенти Лейла Исик томонидан топширилди.

Ушбу мукофотга Туркиянинг “Артшоп” нашриёти томонидан турк тилида минг нусхада нашрдан чиққан «Чиноримсан, Ватаним» номли китоби учун сазовор бўлди. Унинг ушбу китобида шундай фикрлар мавжуд: «Ватанимни чинорга қиёслайман, Чинор маҳобатли бўлгани учун буюк эмас. Чинор узоқ умр кўргани учун ҳам буюк эмас. Чинор, қандай шамол эсишидан, қачон эсишидан, қаёққа қараб эсишидан қатъий назар, қилт этмай тургани учун буюкдир”.

Шуни такидлаш керакки Ўғилнурнинг ушбу асари хориж тилида чоп этилган биринчи китоб эмас. Турк тилидан ташқари рус, инглис, немис тилларида ҳам асарлари чоп этилган.

 АҚШнинг Амазона штатида чоп этилган “Парвоз қил юрак” китоби ушбу йил июль ойида Ўзбекистонга етиб келди.

–  Раъно опа, бугун чин маънода хурсандман. Ниҳоят, АҚШдан, китобим Ўзбекистонимга келди. АҚШнинг “Амазон Пресс Ин”  нашриётида “Парвоз қил юрак”  илк шеърий тўпламим нашр қилинди. Минг нусхада чоп этилган ушбу китобим АҚШдан ташқари “Амазон Пресс Ин” нашриётининг турли қитъалардаги бўлимларида ҳам сотилмоқда. Қуйидаги линклардан кўришингиз мумкин. – дея қувонч билан хабар йўллайди Ўғилнур мени телеграммимга. – Атрофимдаги барча яхши инсонлардан миннатдорман. Омад келса қўша-қўша келади деганлари шуда!

Дарҳақиқат, омаднинг ўзи келмайди, унинг ортида сермашаққат меҳнат мужассам! Энг чиройли амалларлдан яна бири ўзбек қизининг ушбу китоби “Амазон Пресс Ин” нашриётининг бўлимлари мавжуд бўлган Британия, Германия, Франция, Италия, Япония, Канада, Автралия, Испания каби мамлакатларда ҳам сотилаётганлигидир.

– Ушбу китобларим мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган. Мен эса  ютуқларимни  Ватанимиз мустаққиллигининг ва юртимизда ёшларга берилаётган эътибор-у имтиёзларнинг шарофатидан дея биламан, – дейди Ўғилнур Атаева.

Мен Хоразм вилоятининг энг чекка Гулистон қишлоғида кўп бора бўлганман. Бугунги кунда ушбу маскан обод қишлоқлардан бири ҳисобланади. Германия давлати билан ҳамкорликда тоза ичимлик суви билан таъминланган. Ёшларнинг иқтидорини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган  улуғвор Маданият саройи ишга тушганига уч йил бўлди. Унда кутубхонадан тортиб болаларни ҳунар-у илмга ўргатадиган барча тўгарак-у курслар мавжуд. Обод қишлоқлардан кўнгли обод  инсонлар етишиб чиқишини  табиий. Бунинг исботини Ўғилнур Атаева мисолида кўриб турибмиз. 

Сўзимиз хотимасида  юлдузли онларингга юлдузли онлар қўшилаверсин, мастақиллик вояга етказган юрт фарзанди, Ўғилнур деймиз!

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.