Навоийда “Мумтоз шеърият” халқаро фестивали бошланди

0
182
марта кўрилган.

Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Мумтоз шеърият” халқаро фестивалининг очилиш маросими ва ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид бошқариб борган йиғилишда сўзга чиққан Турксой ташкилоти бош котиби Султон Раев ва бошқалар ушбу нуфузли фестивалнинг улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий номи билан аталган шаҳарда ўтаётгани алоҳида рамзий маънога эгалигини таъкидлади.  Мазкур анжуман туркий халқлар ўртасида адабий алоқаларни янада ривожлантириш, туркий халқлар мумтоз шеъриятини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилиш, адабиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.

Президентимизнинг 2022 йил 29 июлдаги “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида шу йилнинг март ойида Навоий шаҳрида туркий халқлар адиблари иштирокида “Мумтоз шеърият” халқаро фестивалини ўтказиш вазифаси белгиланган эди. Яқинда Анқара шаҳрида туркий тилли давлатлар ижодий ташкилотлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда эса ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги таъсис этилиб, Қозоғистон халқ шоири Улуғбек Эшдавлат ушбу тузилмага раис, Озарбайжон халқ ёзувчиси Анор фахрий раис этиб сайланган эди.

Тадбир доирасида “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик китоблар тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.

– Давлатимиз раҳбари 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилдлик китоблар тўпламини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ташаббусини илгари сурган эди, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. – Жамланмага умумтуркий адабиётнинг энг сара намуналари, ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман ва венгер адабиётининг XI-XXI асрларга мансуб атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилган. Туркумни тайёрлаш учун 200 нафардан ортиқ таржимонлар, 100 нафардан кўпроқ адабиётшунос, матншунос олимлар, адиблар, муҳаррир ва рассомлар жалб этилган.

Фестивалнинг иккинчи қисми “Фарҳод” маданият саройида давом этди. Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – спичрайтер Хайриддин Султонов сўзга чиқиб, фестивалнинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб, жаҳон адабий муҳитига, шунингдек, ўзбек-озарбайжон халқлари ўртасидаги ўзаро алоқалар, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун 85 ёшни қаршилаётган ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги фахрий раиси, Озарбайжон халқ ёзувчиси Анор Рзаевни “Дўстлик” ордени билан мукофотлаш тўғрисида” ги Президент фармонини ўқиб эшиттирди. Унга “Дўстлик” ордени ва эсталик совғалари топширилди.

Фестиваль “Ватан манзумаси” адабий-маърифий дастури билан давом этди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.