Профессионал боксда фаолият юритаётган юртдошимиз Исроил Мадримов АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида мексикалик рақибига қарши ўзининг тўртинчи жангини ғалаба билан якунлаб, Ўзбекистонга қайтиб келди.
Мадримов Нью-Йорк вақти билан 5 октябрь куни “Мэдисон Сквер Гарден” аренасида мексикалик Алехандро Баррерога қарши 10 раундга мўлжалланган жангни муддатидан аввал якунлади. Бешинчи раунд давом этаётган пайт Барреро Мадримовнинг кучли серияларини жуда кўп ўтказиб юборди ва вазиятни тўғри баҳолаган рефери баҳсни тўхтатишга қарор қилди. Шу тариқа Мадримов ўзининг тўртинчи жангида ҳам нокаут билан ғалаба қозонди.
Шунингдек, вакилимиз ўзига тегишли бўлган “WBA InterContinental “ камарини ҳам ҳимоя этди.
Боксчимизни тантанали кутиб олиш маросимида Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари, спортчимизнинг яқинлари, ОАВ вакиллари ва юзлаб бокс ишқибозлари иштирок этишди.
Ж. Саъдуллаев тайёрлади.