Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалини бориб кўрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Бу марказ илгари эски бинода жойлашган эди, бир хонада 4-5 бемор ётар, санитар хоналар умумий эди. Замонавий ускуналар учун мос келмай қолганди.
Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тиббий хизматлар сифати ва қамрови ошиб бормоқда.
Хусусан, шу йил февралда Нукус шаҳрида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу мустақиллик йилларида Қорақалпоғистонда «нолдан» қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона бўлди.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди.
4 қаватли янги бинода шошилинч қабул-диагностика, реанимация, жарроҳлик, нейрожарроҳлик, травматология, кардиология, гинекология, педиатрия, лаборатория ташхиси ва амалиёт бўлимлари жойлашган. Барча бўлимлар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланган.
130 ўринли янги мажмуада беморлар ва шифокорлар учун барча шароит яратилган. Бир хона икки кишига мўлжалланган, алоҳида санитар хоналари бор.
Бемор ҳаётини сақлаб қолишда вақт асосий ўринда туради. Шу боис марказда беморларни касаллик даражаси бўйича саралайдиган триаж бўлими ташкил этилган. Яъни мурожаат қилган инсон вақт йўқотиб, сарсон бўлиб юрмайди. Бу ерга шифокорнинг ўзи тушиб, беморни қайси соҳада даволаш зарурлиги бўйича хулоса қилади ва керакли бўлимларга йўналтирилади.
Олдин мурожаат қилган беморларнинг аксарияти шифохонада ётқизилган. Эндиликда муайян тиббий муолажалардан кейин, беморнинг ҳолатига қараб яшаш жойида амбулатор даволанишга рухсат берилади. Шунингдек, илгари юрак-қон томир касалликлари билан мурожаат қилган беморларга оддий текшириш усулларида ёрдам кўрсатилган. Энди янги келтирилган замонавий ангиография ускунаси инсонлар ҳаётини сақлаб қолишда яхши самара бермоқда. Ўлим ва ногиронликка олиб келиш ҳолатлари кескин камайди.
Натижада бугунги кунга қадар Тошкент шаҳрида ўтказиб келинган айрим мураккаб жарроҳлик амалиётлари эндиликда шу ернинг ўзида ўтказилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида илк маротаба сунъий қон айланиш аппарати орқали беш нафар беморнинг юрагида очиқ жарроҳлик амалиёти олиб борилди.
Мультиспирал компьютер томографияси, ультратовуш, лаборатория ускуналари касалликларга эрта ташхис қўйиш имконини бермоқда. Телемедицина орқали узоқдаги беморларни даволашга ҳам ҳисса қўшилмоқда.
Давлатимиз раҳбари шифохонани самарали бошқариш, амалиётни ўқиш билан боғлаш масалаларига эътибор қаратди.
— Янги бино ва ускуналар ишнинг бир қисми. Энди марказ фаолиятига замонавий менежментни жорий қилиш керак. Тиббиёти ривожланган мамлакатлардан тажрибали шифокорларни муддатли жалб этиш, хорижда мутахассислар малакасини ошириш мақсадга мувофиқ. Умуман, бу марказ илмий-амалий тиббиёт академиясидек фаолият юритиши зарур, — деди Шавкат Мирзиёев.
Туман тиббиёт бирлашмаларидаги шифокорлар ўз ихтисослиги бўйича бу ерда малака ошириб, ҳудудларда жорий этиши муҳимлиги таъкидланди.
Қайд этиш жоиз, Қорақалпоғистонда 2017-2024 йилларда: “Бир қадам” тамойили асосида 74 та оилавий шифокорлик пункти, 81 та оилавий поликлиника, 92 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Ихтисослаштирилган марказлар ҳудудий филиалларида 150 турдаги янги технологиялар жорий этилди. Йилига 4500 нафар беморнинг Тошкент ва чет элга бормасдан юқори технологик ёрдам олиш имкони яратилди. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманларида қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиб, йилига 11 минг нафар беморга туманларнинг ўзида шошилинч ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.