Нурхон Нафасов яна Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси президенти этиб сайланди

0
167
марта кўрилган.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида 16 май куни Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг навбатдан ташқари сайлов Конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, каратэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийлари, федерациянинг вилоят бўлимлари раҳбарлари, таниқли спортчи ва мураббийлар иштирок этишди.

“Каратэ бундан қандайдир 10-15 йил олдин ҳам Республикамизда оммавийлик масаласида футболдан кейин иккинчи ўринда турарди. Юртимизда ўн минглаб ёшлар спортнинг ушбу жанговор тури билан мунтазам шуғулланиб келишарди. Спортчиларимиз қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари каби нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишган ўша даврда.

Аммо сўнгги йилларга келиб, афсуски каратэ спорт тури сифатида ўз нуфузи ва мавқеини анчагина йўқотиб қўйди. Бунинг натижасида оммавийлик ҳам кескин камайди. Kаратэ Токио 2020 ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритилди. Биз қисқа вақт давомида федерацияда ислоҳотларни амалга ошириб, иш тизимини бутунлай қайтадан кўриб чиқишимиз лозим”- деди .- МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов.

Шундан сўнг, Конференцияда федерация президенти лавозимига 1996-2006 йиллар мобайнида федерацияни муваффақиятли бошқариб, қатор ютуқларга эришган мутахассис, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози, қора белбоғ 6-ДАН соҳиби Нурхон Зиятович Нафасов номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари ушбу номзодни бир овоздан қўллаб қувватлашди ва Нурхон Нафасов 12 йиллик танаффусдан сўнг яна Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси президенти этиб сайланди.

 Н.Нафасовга қисқа фурсат ичида федерация фаолиятини тубдан ислоҳ килиш, иқтидорли спортчилар тайёрлаш тизимини яратиш, терма жамоа таркибида рақобатни кучайтириш, мураббийлар малакасини ошириш, Осиё ва Олимпия каби нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган спортчиларни тарбиялаш вазифаси юклатилди

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.