ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари

0
135
марта кўрилган.

 Тошкентдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “ОАВ соҳасида миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида республика конференцияси ўтказилди.

Тадбирда Агентлик директори Комил Алламжонов, директор ўринбосари Саида Мирзиёева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Илҳом Абдуллаев, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) филиалининг Ўзбекистондаги минтақавий идораси раҳбари Петра Горюп, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Фуад Пашаев, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов, “Очиқ маълумотлар” компанияси (Украина) директори Андрей Хорсев, “Ryann Chilcote Productions” компанияси ижрочи продюсери Райан Чилкот, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ўз маърузалари билан иштирок этди.

 – Ҳозирги даврда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари асосий ахборот манбаи ҳисобланади, – деди Комил Алламжонов. – Афсуски, давлат ташкилотларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва янгиликлар ўз вақтида ёритилмаяпти. Шуни ҳисобга олиб, Агентлик томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари мақоми ва мавқеини ошириш бўйича Президент қарори лойиҳаси тайёрланди.

Анжуманда мамлакатдаги ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга, кенг жамоатчиликка ва дунё ҳамжамиятига холис, ишончли, тезкор ва тўлақонли етказиб беришда давлат ахборот хизматларининг самарали фаолияти муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидланди.

 – Нима учун матбуот амалда тўртинчи ҳокимият даражасига кўтарила олмаяпти, деган саволга, кўп омиллар қатори вазирлик ва идора раҳбарларининг матбуот котиби ёки ахборот хизматларига нисбатан эътиборсиз муносабатини асосий сабаб қилиб кўрсатиш мумкин”, – деди Агентлик директори ўринбосари Саида Мирзиёева.

Мутахассислар ўз маърузаларида ахборот хизматларининг иш юритиш тартиби, ахборот тарқатиш усул ва механизмлари замон талабларига мутлақо мос эмаслиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларида ахборот хизматлари фаолияти деярли олиб борилмаётгани, давлат ташкилотларида ахборот хизматларига етарлича штат бирликлари ажратилмагани, ахборот хизматларининг моддий-техник базаси яратилмагани, соҳага малакали мутахассислар етарли даражада жалб этилмаётганини танқид қилишди.

 – Давлат органларининг ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ягона давлат ахборот сиёсати тўғрисида Концепциясини қабул қилиш зарурияти тобора ошиб бормоқда, – деди Саида Мирзиёева. – «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг жамоатчилик билан алоқаларини тубдан такомиллаштириш ҳамда ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорини қабул қилиш таклифи илгари сурилмоқда. Унда илк бор ахборот хизматларининг асосий вазифалари, ваколатлари, мажбуриятлари, матбуот котибларининг ташкилотдаги ўрни ва мақоми, моддий-техник ва молиявий таъминоти, шарт-шароитлари, малака ошириш имкониятлари тубдан яхшиланиб, ҳуқуқий кафолатланмоқда.

Конференция қизғин ва мулоҳазаларга бой тарзда ўтди.

Ўзбекистон  Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Матбуот  хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.