Миллий матбуот марказида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод хонадон – юрт кўрки” лойиҳасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ушбу лойиҳага биноан юртимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилаётган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, авария ҳолатида бўлган 12 та хонадон танлаб олинди ва Федерация маблағлари ҳисобидан обод хонадонга айлантириш мақсадида амалий кўмак берилди.
Лойиҳанинг асосий мақсади – аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий фаоллик сари етаклаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашишдан иборат эди. Бу борада ҳам бир қатор амалий ишлар қилинди.
Жумладан, Фарғона вилоятида истиқомат қилувчи Баҳриддин Отаевнинг хонадонида лимон кўчатлари етиштиришга мўлжалланган замонавий иссиқхона барпо этилиб, тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди. Хоразмлик Шаҳло Собирова хонадонида гул кўчатлари етиштириши учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Наманганлик Ҳанифа Раҳимова, бухоролик Умид Тоҳиров, сурхондарёлик Тоҳир Қобиловларнинг турмуш тарзинини фаоллаштириш мақсадида ушбу хонадонларга товуқлар учун махсус катаклар қурилиб, 20 донадан товуқ беғараз олиб берилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож Ҳанифа Раҳимованинг (Наманган) набираси ва Баҳриддин Отаевнинг (Фарғона) фарзандлари учун янги қуриб фойдаланишга топширилган обод хонадонларда суннат тўйлари ўтказилиб, эҳсон дастурхонлари ёзилди.
“Обод хонадон – юрт кўрки” лойиҳаси доирасида амалга оширилган қурилиш ва таъмирлаш ишларига Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 338 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфлади.
Инсонлар қувончига, юртдан ризолигига сабаб бўлаётган, қишлоқларда амалга оширилаётган хайрли ишлар юрт истиқболи, эл манфаатига хизмат қилади.
Р.САПОЕВА