Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни турар-жой билан таъминланишда енгиллик яратилди

0
150
марта кўрилган.
Уларнинг турар-жойи учун тўланган бошланғич бадаллар қайтарилмаслик шарти билан тўлаб берилиши мумкин

2018 йил 14 мартда Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 

Қарорнинг моҳияти ҳақида @huquqiyaxborot каналида батафсил маълумот берилди. 

Жамоат фондининг маблағлари Васийлик кенгашининг қарорига мувофиқ хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатишга йўналтирилади. 

Хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда; меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашишга; хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорликни ташкил этишда имтиёзли кредитлар беришга сарфланади. 

Оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича вазифаларнинг амалга оширилишини молиявий қўллаб-қувватлашга; ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий негизлари ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишлар олиб борилишига кўмаклашишга қаратилади. 

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарни турар-жой билан таъминлашда бошланғич бадалларини қайтарилмаслик шарти билан тўлаб берилади. 

Маълумот учун: Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳар йили 300 млрд. сўмгача бўлган миқдорда ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари; юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари; қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади. 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва «Оила» марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва тизимда фаолият юритаётган ходимларни моддий қўллаб-қувватлашга, ижро этувчи дирекцияни сақлашга ишлатилиши мумкин бўлади. 

Эслатиб ўтамиз, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги фармони билан ташкил этилган.

 

                                                                                                                                                                                                     ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.