Оилавий ажримларнинг асосий сабабларидан бири

0
129
марта кўрилган.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги йиғилишида хотин-қизлар ва оила институтига доир масалалар муҳокама этилди. 

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида хотин-қизлар ва ёшларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Бу борада 2018 йилда кўрилган амалий чораларга қарамасдан ҳалигача оғир турмуш шароитида яшаб, иш билан таъминланмаган 13 мингдан зиёд хотин-қиз борлиги ачинарли эканлиги қайд этилган эди. 

Оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг тинчлиги, тотувлиги жамият тараққиётига таъсир кўрсатувчи муҳим омилдир. Шу боисдан хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, нафақат оилада, балки иқтисодий-ижтимоий ривожланиш йўлида амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш энг устувор вазифа ҳисобланади. Президентимиз ҳудудларга ташрифи мобайнида хонадонларни, оилаларни ўрганиш жараёнида ҳам биринчи навбатда уларнинг ижтимоий масаласига эътибор қаратмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра, оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларнинг борлиги, соғлиқни сақлаш, таълим тизими, маънавият соҳасидаги муаммоларнинг йиғилиб қолгани фарзандлар, аёллар, оилаларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозир ушбу муаммоларни ҳал қилишга жадал киришилган. Бу борада биринчи қадам қўйилди. Аёлларимизнинг ижтимоий муаммоларини, уй-жой масаласини ҳал қилиш, ногиронлиги бўлган аёлларга алоҳида эътибор қаратиш, бундан ташқари, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида ҳаракатлар қилинмоқда. Жорий йил давомида 2 минг 10 та уй-жой қурилиб, ногирон ва муҳтож аёлларга берилиши режалаштирилган. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Файзиева жорий йилда қонунчиликда аёллар масаласига доир ишлаб чиқиладиган меъёрий ҳужжатлар хусусида сўз юритди. 

Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, оилавий ажримларнинг асосий сабабларидан бири учинчи томоннинг аралашуви экан. Ваҳоланки, никоҳнинг тақдирини фақат икки киши – шу никоҳда бўлганлар белгилайди. Ана шулардан келиб чиқиб, никоҳнинг бузилишида аралашган, иштирок этган учинчи шахсга нисбатан ҳам жазо қўллаш, қонунларда акс эттириш таклифи билдирилди. 

Моҳигул Қосимова

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.