Олимпиада совриндори Бобоновнинг мураббийи Нурали Қобулов билан суҳбат

0
162
марта кўрилган.

Токиода бўлиб ўтаётган Олимпиада ўйинларининг дзюдо баҳсларида эркаклар ўртасида -90 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Давлат Бобонов бронза медалини қўлга киритди. Tribuna.uz мухбири Олимпиада совриндорининг мураббийи Нурали Қобулов билан суҳбатлашиб,  унинг ғалабадан кейинги таассуротлари билан яқиндан танишди:

– Бугун шогирдим Давлатжон Олимпиада бронза медалини қўлга киритди. Бу, албатта, жуда катта хурсандчилик. Биз учун, ватанимиз учун катта ютуқ, Ватан Мустақиллигининг 30 йиллигига катта совға бўлди. 

Давлатнинг ёшлигини ёдга оладиган бўлсам, 7-синфлигида Самарқанд олимпия захиралари спорт мактабига ўқишга келганида, уни шахсан ўзим қабул қилиб олганман. Давлат янги келганида жуда ҳам нимжон, курашни тушунмайдиган оддийгина бола эди. У дастлаб футболга келдим, деб ўйлаганди. 

Бир гал Самарқанд вилояти биринчилиги бўлиб ўтди. 16та тарбияланувчи қўлимда шуғулланса, ўнга яқини медалларни ютишга эришганди. Совриндор бўла олмаганлар сафида Давлатжон ҳам бор эди. Йиғлаб турарди, олдимга чақириб, сен ҳали жаҳон, Олимпиада чемпиони бўласан, дея юпатгандим. Ушбу воқеани  Давлатнинг ўзи ҳам кўп эслайди. Болалигидан унда шижоат борлиги ўзига хос иқтидори сезилиб турарди. Худога шукр, ниятларимизга етдик – шу бир йил ичида жаҳон чемпионати, «катта дубулға» ва Осиё чемпионатларида совриндор бўлди. Мана Олимпиадада ҳам медалга эришди. Қанчалик хурсандлигимни сўз билан таърифлаб беришим қийин. 

Худо хоҳласа, 2022 йилда жаҳон чемпионати Тошкентда бўлиб ўтади. Давлатнинг ўзини орзу қилиб , таъкидлаганидек – Тошкентдаги мусобақада, Париж Олимпиадасида олтин медалга эришиш учун бор кучи билан ҳаракат қилади. 

 — 90 кг вазнда жуда кучли спортчилар жам бўлган. Кўриб турибсиз, жаҳон чемпионатида ғолиблик учун курашганлар олимпия ўйинларида бронза йўлида тўқнаш келмоқда. Испаниялик рақиби Николаз Шеразадашвили билан 3 марта жанг қилган бўлса, барчасида енгилганди. Олимпиадага кетиш олдидан менга «Нурали ака, шу турнирда испаниялик дзюдочини енгишим керак. Уни енгмасам, яхши натижа қайд эта олмайман», деган эди. Бронза медали учун ҳал қилувчи баҳсда бел олишган Михаэль Зганкка ҳам 2 маротаба имкониятни бой берганди. Бу гал ғалабага эришди. 

Олимпиаданинг ўзига хос босими ҳам бор. Бу турнирда тахминан, 18 нафар тенг кучли спортчилар иштирок этмоқда. Қайси бири нечанчи ўринни банд этишини олдиндан айтиб бўлмасди. Ким руҳий томондан кучлироқ бўлса, ўша яхши ўринларни олмоқда. Давлатдан Токиода ҳам олтин медаль кутгандик. Грузиялик Лаша Бекаурини Дюсселдорфдаги «катта дубулға» турнирида мағлуб этишга эришганди. Афсуски, бу гал омад рақиб томонда бўлди. Ҳакамлар Давлатни боши билан татамига тушди деб ўйлаб, дзюдо тилида айтганда хансоки бериб, баҳсдан четлатишди. Фикримча, бунинг учун асослар етарли эмасди. Аммо бугунча насиб қилгани бронза экан. Бу ҳам ёмон натижа эмас. 

Давлатнинг ўз вазни 87-88 кг ҳисобланади. Рақиблари эса 95-96 кг вазндан пастга тушишади. Шу жиҳатдан, бироз жисмоний имкониятларда фарқ сезилиб қолаётгандек эди. Бироқ ушбу Олимпиада кўрсатиб бердики, энди Давлат кучли рақибларига қарши бемалол баҳс олиб бора олади. 

Албатта, Самарқанд дзюдо мактаби аввалдан миллий жамоага спортчилар етказиб берувчи мактаблардан ҳисобланади. Бу гал бронза медалини қўлга киритдик. Кичкина шогирдларимиз ҳам Давлат акасининг ютуғидан руҳланиб, яхши машғулот ўтказиб, Олимпиада, жаҳон чемпионларига айланади, деб умид қиламиз. 

Бобонов қўлга киритган бронза медали Токио Олимпиадасида ҳамюртларимиз томонидан эришилган  иккинчи медалли ғалаба  бўлди. Бундан аввалги медални таэквондочимиз Улуғбек Рашидов қўлга киритганди. Ўзбекистон умумий медаллар жамғармаси бўйича ушбу иккита медаль ҳисобига 25-ўринни банд этиб турибди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.