Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида юрт байроғини кўтарган ўғлон

0
785
марта кўрилган.
Давлатимиз рамзлари кучли тарбия воситаси сифатида ёшларимизнинг миллий ғурурини юксалтиришга, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
 
Ана шундай рамзлардан бири мамлакатимизнинг давлат байроғидир. Доимо ўзбек халқининг шон-шарафи ва ғуруридек юксакларда ҳилпираб турган байроғимиз 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси «Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кундан бошлаб давлат суверенитетининг рамзига айланди.
 
Йигирма саккиз йилдирки, давлат байроғимиз Ўзбекистон делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, давлатимизнинг чет эллардаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарида, халқаро конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида, юртимиздаги барча расмий идораларда озод ва обод Ватанимиз тимсоли сифатида баланд ҳилпирамоқда.
 
Айниқса, ҳар бир соҳа каби спортчиларимиз Олимпия ва Осиё ўйинларида, қитъа ҳамда жаҳон чемпионатларида мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ҳамиша барқарор байроғимизни баланд кўтармоқда.
 
– Ҳар бир спортчи халқаро майдонларда ўз Ватани байроғини баланд кўтаришни орзу қилади, – дейди бокс бўйича амалдаги Осиё ва жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов. – Ҳар доим халқаро спорт мусобақаларига отланганимизда давлатимиз байроғини ёнимизда олиб кетамиз, мусобақада ғалаба қозониб, миллий байроғимиз кўтарилганда қалбимиз чексиз ғурур ва ифтихорга тўлади.
 
Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида аҳоли ўртасида спорт ва жисмоний тарбияни янада оммалаштириш, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида бугун бир қатор алпқомат, билагида тоғдек кучи бор, руҳан ва маънан тетик, ҳар томонлама мукаммал спортчилар камол топмоқда.
 
Улардан бири бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳаваскор ва профессионал рингларда муваффақиятли иштирок этиб келаётган Баҳодир Жалоловдир.
 
Баҳодир Жалолов 1994 йилнинг 8 июль куни Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида дунёга келади. Оиладаги соғлом турмуш тарзи, отасининг спортга бўлган қизиқиши сабаб дастлаб, футбол билан профессионал тарзда шуғулланди. Сўнгра отаси ўн уч ёшли ўғлини Чирчиқ олимпия захиралари коллежига олиб борди ва у ерда мураббийлари Рустам Саидов ва Тўлқин Қиличевдан бокс сирларини ўрганди.
 
– Отам ёшлигида катта курашчи бўлган. Қаерда кураш бўлса, даврага чиққан. Лекин у пайтлар спорт билан шуғулланишга бугунгидай шароит бўлмаган, шу боис отамнинг дунё спорт майдонларига чиқиш орзуси ушалмай қолиб кетган, – дейди Баҳодир. – Мен спортчи бўлиб етишишимга ундаган фақатгина бир мақсад – отамнинг орзусини амалга ошириш эди. Бироқ мусобақаларда рингга кўтарилганимда ушбу мақсад билан биргаликда юртимиз шарафини ҳимоя қилиш ва байроғимизни янада юксалтириш каби ҳиссиётлар қалбимни эгаллади.
 
Тажрибали мураббийлардан чарм қўлқоп сир асрорларини ўрганган Баҳодир 2009 йили Жиззахда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги мамлакат чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Гарчи у олтин медални қўлга киритмаган бўлса-да, тушкунликка тушмади, машғулотларга зўр берди.
 
Ёшлар ўртасидаги мусобақаларда тобланган боксчимиз 2013 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлди ва қаторасига уч йил мамлакат биринчилигида унга муносиб рақиб топилмади.
 
2013-2014 йилларда у Германия, Болгария, Беларусь, Озарбайжон сингари давлатларда ўтган бир қатор халқаро турнирларда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
 
2015 йили Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати нинг вазни 91 килограммдан оғир бўлган боксчилар баҳсида бронза медални қўлга киритди. 2016 йили Хитойда ўтказилган Олимпиадага йўлланма берувчи нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этиб Бразилияда ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
 
Эътиборлиси, Б.Жалолов Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими ўтказилган “Маракана” стадионига Ўзбекистон байроғини юқори кўтарган ҳолда олиб кирди.
 
– Бу воқеа менинг қалбимда бир умр ўчмас из қолдирган. Мен спорт оламининг энг нуфузли мусобақасида давлатимиз рамзи, ўзбек халқининг ғурури ва бизни ғалабалар сари доимо олға бошловчи байроғимизни кўтарганман. Бу масъулиятли вазифани менга ишониб топширишганда кўз ёшларимни тия олмаганман. Ахир миллатнинг фахри бўлган байроқни юксак парвоз этиши менга ишонч билан берилган эди, – дейди Б.Жалолов.
 
Мазкур мусобақада 22 ёшли боксчимиз чорак финалига қадар етиб борди. 2017 йили Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди ва бир қатор халқаро турнирларда иштирок этди.
 
Ҳаваскор боксда кетма-кет муваффақиятларга эришган Баҳодир 2018 йили АҚШнинг «Fight Promotions» пропоуторлик компанияси билан шартнома имзолади ва ҳозирги кунга қадар олти жанг ўтказиб уларнинг барчасини ғалаба билан якунлади.
 
Истеъдодли боксчимиз учун жорий йилги спорт мавсуми ҳам омадли келди. У дастлаб, Таиланднинг Бангкок шаҳрида апрель ойида ўтган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритди. Сўнгра сентябрь ойида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш мақсадида бир қатор халқаро турнирларда иштирок этди.
 
Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида 6-22 сентябрь кунлари бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида 91 килограммдан ортиқ вазн тоифасида иштирок этган Баҳодир Жалолов дастлабки жангда украиналик Цотне Рогани, чорак финалда америкалик Ричард Торресни биринчи раундда нокаутга учратди. Кескин ва муросасиз ўтган ярим финал баҳсида боксчимиз россиялик Максим Бабанинни енгди. Финал жангида Баҳодир азалий рақиби қозоғистонлик Камшибек Конкабаевга ҳеч қандай имконият қолдирмади ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
 
Ўзининг ёрқин ғалабалари, рақибларига бўлган ўзбекона ҳурмати билан ҳурмат қозонган жамоа сардори Баҳодир Жалолов мусобақа ташкилотчилари томонидан чемпионатнинг «Энг яхши боксчиси» деб топилди.
 
Унинг бу улкан ғалабаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан муносиб баҳоланди ва 2019 йил 27 сентябрь куни «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди.
 
– Президентимизнинг биз, спортчиларга билдираётган катта ишончи, мураббийларнинг маслаҳати ва қўллаб-қувватлаши муваффақиятларимизда асосий омил бўлмоқда, – деди Б.Жалолов. – Давлатимиз раҳбарининг камтарона меҳнатларимизни юқори баҳолаганлари бизга янада куч-ғайрат бағишлайди. Шунингдек, давлат мукофоти билан тақдирланганимиз учун чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. Энди менинг биргина орзуим қолди, у ҳам бўлса, Олимпия ўйинларининг олтин медалини мамлакатимизга олиб келишдир.
 
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.