Олимпия шаҳарчасида қурилиш жадал

0
20
марта кўрилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчаси қурилишини бориб кўрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Бу улкан мажмуа келгуси йил юртимизда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинлари учун қурилмоқда.

Мусобақалар Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тан олинган 29 та спорт тури бўйича ўтказилади. Уларда қитъамизнинг 45 та давлатидан 3 мингдан зиёд спортчи иштирок этиши кутилмоқда.

100 гектар майдонга ёйилган Олимпия шаҳарчасида буларнинг барчаси учун шароит бўлади. Бугунги кунда асосий иншоотларда жадал қурилиш кетмоқда. Хусусан, 12 минг ўринли олимпия стадиони, ҳар бири 2 мингдан томошабинга мўлжалланган велодром, сув спорти саройи, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуалари қад кўтариб қолган.

Давлатимиз раҳбари ушбу иншоотларда бўлиб, қурилишнинг боришини кўздан кечирди. Мутасаддилар очилиш маросими ва мусобақалар пайтида бўлажак шароитлар юзасидан ахборот берди.

Шавкат Мирзиёев қулайлик ва хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу жараёнларни юқори даражада рақамлаштириш, сунъий интеллект воситаларидан кенг фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.

Олимпия шаҳарчасида, шунингдек, футбол, волейбол, теннис, чим устида хоккей, енгил атлетика кабилар бўйича 15 та очиқ майдон бўлади. Музей ва офисларни ўз ичига олган маъмурий бино, боғлар, сунъий кўл барпо этилади.

Президентимиз мажмуа  бунёдкори — Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси мутасаддиси билан ҳам суҳбатлашди.  

Осиё ўйинларидан кейин Олимпия шаҳарчасидан самарали фойдаланилади. Президентимиз таъкидлаганидек, бу жой мамлакатимиз спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази бўлади. Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия илмий-тадқиқотлар институти, Спорт турларини ривожлантириш маркази шу ерда жойлашади. Профессионал спортчиларни тайёрлаш ва маҳоратини ошириш бўйича машғулотлар ўтказилади. Ҳудудий спорт ташкилотларининг шаҳарча инфратузилмасидан фойдаланиши йўлга қўйилади.

Бу ерда “ақлли шаҳар” концепциясига асосланган замонавий бошқарув тизими жорий этилади. Умуман, шаҳарча спорт ва соғломлаштириш маркази сифатида узоқ йиллар халқимизга хизмат қилади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.