Ўн олти ёшида жангоҳларда қўшиқ куйлаган Коммуна Исмоилова хотирасига бағишлов…

0
106
марта кўрилган.

Биринчи марта Коммуна  Исмоилова билан  иккинчи жаҳон  уруши ғалабасининг 30 йиллигига  туркум кўрсатувлар тайёрлаётганимда учрашгандим. Бу 1975 йил эди.

Коммуна опа билан илк учрашув. Опа билан телефонлашдим. Таклифимни айтдим. “Қандай қўшиқлар куйлай?” сўради у киши. “Жангоҳларда куйлаган қўшиқларингизни”,– жавоб қилдим мен. “Қандай кийиниб борай?– сўрадилар яна. “Ўзингизнинг дидингиз, хоҳишингиз билан кийиниб келаверинг, байрамона кўрсатув” дея жавоб қилдим.

Кўрсатувга санъаткорларга хос хоразмча дўппиларда ва хонатлас кўйлакда ёл-ёл ёниб кириб келдилар. Миллий қадриятларни хуш кўрар экан, дея кўнглимдан ўтказдим.

Саломлашгач, мени фикримни уққандек, “мен жанггоҳларда ана шу кийимларда кўйлаганман. Қаттиқ совуқ бўлганида ҳам атлас кўйлак кийиб чиқардим”,– дея изоҳ бердилар.

– Коммуна опа, қаттиқ совуқларда-я, – ажабландим.

– Қаттиқ совуқда атлас кўйлак устидан хоразмча нимча кийиб олардим. –  Дедилар самимий кулиб.

Кўрсатувнинг бошловчиси ўзбек халқининг севимли ёзувчиси, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иброхим Рахим эди.  Улар санъаткорнинг жанггоҳларда куйлаганига гувоҳ бўлган инсон эди. Каммуна опанинг навбати келганида айнан ана шундай таърифу тавсиф билан томошабинларга  таништирдилар.  Иброҳим Рахим адабиёт майдонининг етакчи ёзувчиси, уруш қатнашчиси сифатида,  Коммуна опа  эса кўрсатувга ўзининг ширали қўшиқлари билан жон бағишлашди. Иккала санъаткор ҳам ўтиб кетди. Охирати обод бўлсин.

Коммуна отдоши. 1927 йил 18 мартда дунёдаги биринчи пролетариат ҳокимияти – бор-йўғи 72 кун яшаган Париж Коммунаси куни мамлакатимизда кенг нишонланди. Хоразм область босмахонасига “Хоразм коммунаси” номи берилди. Худди шу куни унинг директори Қурбон Исмоилов оиласида фарзанд дунёга келди. Қизалоқни севиб-эркалаб Коммуна деб атадилар. У аста-секин улғая борди. Хонадонда санъатга ошуфта кишилар йиғилар, бундай дамларда янграйдиган куй ва қўшиқлар жажжи Коммунани мафтун этарди.

Хоразм санъати гулшанида “Гўрўғли”, “Гўрўғлининг туғилиши”, “Гўрўғлининг Авазхонни олиб келиши”, “Ошиқ Ғариб”, ”Хирмондали”, “Бозиргон” каби мардлик ва жасорат, муҳаббат ва садоқат тараннум этилган достонлар, қўшиқлар мавжудки, улар халқ оғзаки ижодининг ажойиб намуналаридир. Қизча шулар таъсирида улғайди…

Саҳнага қадам... Ҳаво айниган, кўк юзида қора булутлар сузиб юрарди. Айни чоғда мамлакатимиз осмони ҳам нотинч эди. Иккинчи жаҳон урушининг дастлабки кунлари.  Қўшинларимиз она тупроқнинг ҳар бир қаричи учун тенгсиз жангда қон кечиб, жон бериб чекинаётгани ҳақида мудҳиш хабарлар радиодан тинимсиз эшитиб туриларди. Ана шундай оғир дамларда жангчиларга руҳий мадад бериш мақсадида ўзбек фронтчи ансамбли ташкил этишга қарор қилинди.   Ўзбекистон  халқ артисти  Гавҳар Раҳимова ижодкор коллективни тузиш ниятида Хоразмга ҳам келди. Театрга ўтаётиб, Урганч педагогика институти ёнида қадамларини секинлатди. Ширали овоз диққатини тортди.

Ташлама бунда мени,

Майдонда ҳам ёринг бўлай.

Дори-дармонлар тутиб,

Ёнингда ҳамроҳинг бўлай.

Куйлаётган қиз Урганч  педагогика институтининг олти ойлик муаллимлар тайёрлаш курсида ўқиётган Коммуна Исмоилова эди.

Воҳа халқи: “Қўшиқ айтиб, ўйин тушмаган ёшнинг юрагида ўти, милтиғида ўқи йўқ”, – дейди. Коммуна Исмоилова ҳеч қачон артист бўлишни ҳаёлига келтирмаганди. Қобилиятли қизни фронтчи хотин-қизлар ансамблига олишди. Шундай қилиб Коммунанинг илк қўшиқлари ўн олти ёшида жангоҳларда янгради. Ўқлар ёмғири остида куйлади, олқишлар олди. Жангчилар руҳига руҳ, кучига куч қўшди. “Германия устидан қозонилган ғалаба учун” медалига сазовор бўлди.

Коммуна опа ўз ижодини ўзбек халқ қўшиқлари, лапарлари, яллалари билан бошлади. Мана шу ранг-баранг ижодиётни чуқур ўрганиш, унинг яхши намуналарини янги замон руҳида қайта ишлаб, томошабинларга тақдим этишга киришди. Бу ишда унга устоз санъаткорлар Юнус Ражабий, Комилжон Отаниёзов, Фаҳриддин Содиқов мададкор бўлдилар.

Урушдан кейинги йилларда Коммуна опа меҳнат отпускаларини Хоразм области театрида ўтказди. Аму воҳасида қадимдан машҳур бўлиб келган шўх ва мусиқий қўшиқларни ўрганди. Комилжон Отаниёзов билан “Тоҳир ва Зуҳра”, “Муҳаббат гули”, “Ошиқ Ғариб” асарларида бирга роллар ижро этгани катта мактаб бўлди.  Унинг репертуаридан  “Ўғлимга ўҳшайди овозинг сани”, “Ўйланма” каби халқ қўшиқлари ўрин олди.

Устоз Юнус Ражабийдан  ўзбек халқ мақомларини ўрганди.

Коммуна Исмоилова ижодида икки йўналиш бор: бири унга шуҳрат келтирган ўлмас мақомлар бўлса, иккинчиси халқ оҳанглари негазида яратилган янги замонавий ашулалардир. Артистка халқ қўшиқлари мазмунини бойитиш, энг муҳими – даврга хос жўшқинлик, кўтаринкилик ва кенглик бағишлаш ниятида кўп изланди.

Коммуна опанинг репертуаридаги 500дан ортиқ намуна пластинка ва магнит ленталарига ёзиб олингани унинг заҳматкашлигини яққол кўрсатиб турибди.  Улар орасида мақомлар, достонлар, классик ва замонавий ашулалар бор.

Ижодкор саҳнада умрининг охиригача куйлади, эл олқишини олди, ҳурмат-эътибор топди, эъзозланди. Санъат йўлидаги фидойи меҳнати юксак қадрланди. Ўзбекистон  халқ артисти унвонига сазовор бўлди.

Ҳозир ўзбек қўшиқчилик санъатида танилган Муҳаббат Шамаева, Малоҳат  Дадабоева, Дилором Қаюмова, Ҳадя Юсупова, Матлуба Дадабоева каби хонандалар Коммуна опани меҳрибон устоз деб биладилар, ардоқлайдилар.

Дилбар, дилкаш Коммуна Исмоилова билан 60 ёшга тўлган кунларида газетага мақола тайёрлаш учун яна суҳбатлашдик. Шундан кейин яна бир неча бор учрашдик. Йиллар ўтган бўлса-да, опа ҳамон худди ўша биринчи учрашган  пайтимиздагидек севимли, жозибали, дилбар, дилкаш эди.

Совет Армияси ва Ҳарбий-Денгиз Флотининг 70 йиллигига бағишланган тантана концертида Зебо Ғаниева номидаги ветеран фронтчи хотин-қизлар ансамбли саҳнага чиқди. Гавҳар Раҳимова концерт номерини эълон қилди. Томошабинларнинг аксарияти рок мусиқага иҳлосманд ёшлар эди. Улар аввалига бу ансамблни унча  хушламагандек ажабланишди. Бироқ қўшиқлар янграган сари санъат шинавандаларининг юзи ёришиб борарди. Коммуна Исмоилова “Совчиликка келинг” деган халқ ашуласини бошлаганида залдагилар қарсак чалиб жўр бўла бошлашди. Гўё санъаткор ихлосмандлар юрагига сингиб кетгандек. Концерт тугади, қарсаклар янгради. Саҳнага интилаётган йигит-қизларнинг оқими тинмас, санъаткорнинг бағри гулдасталарга тўлиб кетганди.

Ўзбек халқи Коммуна сўзини эшитганда икки маънони тушунади. Бири куч-ғайрат, бирлик ва илк инқилобий  қадам – Париж Коммунаси. Иккинчиси эса Коммуна асрининг янгроқ куйчиси – Коммуна. У ўзининг муқаддас номига яраша ишлади, яшади, шуҳрат қозонди. Санъат гулшанида хазонбилмас гул каби ҳамон яшнаб турибди.

Ўтган йили Мақом маркази музейи  Коммуна Исмоилованинг ноёб экспонатлар туркуми билан бойиди. Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилованинг оила аъзолари устоз санъаткорга тегишли бўлган мусиқий чолғулар, китоблар, пластинка ва тегишли ашёларини Мақом маркази музейига топширди. Биз бу воқеадан хурсанд бўлиб, уни “gujum.uz” сайтида ҳам ёритдик.

Халқимизнинг ардоқли санъат намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова 16 ёшида санъат оламига кириб келди. Ёшгина қиз Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида ўқлар остида қўшиқлар куйлаб, жангчиларни руҳлантиришга муносиб ҳисса қўшди. Фидойи ва жасоратли ижодкорнинг қўшиқлари халқимиз қулоқлари остида  ҳамон жаранглаб турибди.

Раъно ЗАРИПОВА, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.