Она ер ёшлар қўлида

0
274
марта кўрилган.

 Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Республика Ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон ёш фермерлари Кенгаши  ҳамкорлигида “Она ер ёшлар қўлида” шиори остида Ўзбекистон ёш фермерларининг I Республика форуми ўтказилди.

Форумдан кўзланган асосий мақсад, ёш фермерларни бирлаштирган ҳолда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ёш фермерларнинг эришган ютуқларини оммалаштириш, улар фаолиятида учраётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ечими юзасидан аниқ мақсадли тадбирлар белгилаш, ютуқларга эришган илғор фермерларнинг тажрибаси билан таништиришдан иборат бўлди.   

Айни пайтда мамлакатимизда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 5847 нафарини яъни 3,6 фоизини ёш фермерлар ташкил этади.

Форумда Републикамизнинг барча туманларидан 700 дан ортиқ ёш фермерлар, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З.Мирзаев, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Б.Юсупов кириш сўзлари билан, шунингдек соҳага оид 15 дан ортиқ ташкилотлар ва тижорат банклари вакиллари иштирок этди.

Форумда  Жиззах вилоятидан “Анвар А” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қахрамони А. Эшматов, Фарғона вилоятидан “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Л.Муратова, Сурхондарё вилоятидан “Абдураҳмон-Абдуғаффор Давр” фермер хўжалиги раҳбари А.Ахмедов,  Андижон вилоятидаги сут маҳсулотларини қайта ишловчи “Раш Милк” корхонаси раҳбари Р.Мирзаевлар ёш фермерларга ўз ҳаётий тажрибаларидан ҳикоя қилиб маҳорат дарсларини ўтказишди.

Тадбир доирасида 60 дан ортиқ ёш фермерлар томонидан етиштирилаётган ва қайта ишланаётган маҳсулотлар кўргазмаси, шунингдек Тошкент Давлат аграр университети ва Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтлари олимларининг  янги илмий ишланмалари ҳамда инновацион ғоялари намойиш этилди. Бу жараёнда ёш фермерлар билан олимларнинг ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилди.

Форумда бўлиб ўтган очиқ мулоқотда иштирокчилар томонидан 100 дан ортиқ долзарб масалалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Кўтарилган долзарб масалаларнинг аксариятига мутасадди ташкилот раҳбарлари томонидан асослантирилган жавоблар берилди.

Тадбирда янги ишлаб чиқилаётган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги низом кенг муҳокама қилиниб, ёш фермерлар томонидан ҳам бу ҳужжатга қатор таклифлар берилди.

Анжуман доирасида АТ “Халқбанк” ва АТ“Ипотекабанк” билан ҳамкорликда наслли чорвачилик ҳамда балиқчиликни ривожлантириш учун  900 млн сўмлик имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Форум иштирокчилари 4 та секторга бўлинган ҳолда тажриба алмашдилар. Биринчи сектор мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш йўналиши бўлиб, у Юқори Чирчиқ туманидаги “Marwin Brands” корхонасида ўтказилди. Иккинчи сектор чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишига бағишланди, у  Тошкент туманидаги “Тўхтаниёз ота” фермер хўжалигида бўлиб ўтди. Учинчи сектор  аъзолари боғдорчилик ва иссиқхона йўналишида  Тошкент Давлат аграр университети ҳамда М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-текшириш институтида тажриба алмашдилар.

Тўртинчи сектор  техника ва технологиялар йўналишига бағишланди ва Тошкент трактор заводига агробизнес саёҳатлар уюштирилди.

Тадбирда билдирилган таклифлар, кўтарилган долзарб масалалар юзасидан келиб чиқиб, ёш фермерлар фаолиятини янада ривожлантириш ва ёшларни фермерлик ҳаракатига янада кенг жалб қилиш мақсадидаги таклифлар ишлаб чиқилди.

ИЛЁС САФАРОВ,

Ўзбекистон ёш фермерлари Кенгаши матбуот котиби

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.