Ота-оналарга кўмак: Тарбияси қийин болаларга психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш тартиби

0
6129
марта кўрилган.

Инсоният   мавжудлигининг  муҳим шартларидан бири- бола  тарбияси ҳисобланганлиги боис, у дунёга келмасданоқ  тарбиявий  тадбирлар  бошлаб  юборилади.  

Шундай    бўлса-да    жамиятда хулқ-атворида салбий иллатларга мойил, ижтимоий меъёрларни қабул қилолмаслик хоҳиши, ҳатти-ҳаракатларини назорат қила олмайдиган болаларни учратамиз. Уларни табиатан шундай хулқ-атворга эга деб, эътибордан четда қолдириш ёки чора-тадбирлар ишлаб чиқмаслик жамият учун каттадан-катта йўқотишларга олиб келади. Шу боис тарбияси ва хулқ-атворида ўзгариши бўлган болаларга ёрдам кўрсатувчи кишилар психологлар, педагоглар ҳисобланади. Чунки тарбияси қийин болаларда бир қатор ўзига хос типик иллатлар кузатиладики, улар:

  • ота-оналар, педагоглар ва бошқа катта ёшдагилар билан  муносабатда
  • ўртоқлари, синфдошлари ва бошқа тенгдошлари билан  муносабатда
  • ўзига муносабатда ва ўзини ўзи тушунишда
  • ички ягоналик, бошқалар билан дўстлаша олмаслиги
  • ўқишдаги қийинчиликларни бошдан кечируви каби  типик иллатлар кузатилади.

Ушбу иллатлардан болаларни халос этиш ёки уларнинг олдини олиш учун қандай психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш мумкин?!

Уйлаймизки, тарбияси қийин болаларга психологик-педагогик ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос тартиби бўлиш керак. Бугунги кун психологик-педагогик тажрибалар тарбияси қийин болаларга  ёрдам кўрсатиш учун қуйидаги тартибда иш тутишни тақазо этмоқда:

  1. Ёш жиҳатларига қараб профлактика ва психокоррекция ишларни бошлаш талаби.

Чунки, тарбияси қийин болаларга ўсмирлик ёшига хулқдаги бузилиши қатъий шаклланган бир даврда профлактик ва коррекцион тадбирларга қўл урилади. Аслида хулқ-атворида риш яққол намоён бўлган даврида унга чора кўришни кутиб ўтирмаслик лозим. Шу боис бошланғич мактаб ёшдаёқ мақсадли профлактика ва психокоррекция ишларини бошлаш мақсадга мувофиқ. Балки унданда олдин.

  1. Ишни дифференциал ва индивидуал ташкил этиш.

Бунда болаларнинг тарбиявий-профлактик жараёнда ёш ва жинсига қараб дифференциал ҳамда уларни ҳар бирини индивидуал хусусиятларга қараб ишни режалаштириш.

  1. Ёрдам фаолиятида хилма-хилликни таъминлаш, яъни вазият, шарт-шароитга қараб усуллар, воситалардан кенг фойдаланиш.
  2. Инсонийлик муносабати билан ёндошиш.

Болалар билан ишлаётганда уларни ҳар бир тоифасига қандай миллатга хослиги, дунёқараши, динидан қатъий назар унинг қизиқишларини ҳисобга олиб, унга очиқ  кўнгиллик ва ўзига ишонч ортириш йўли билан муносабат ўрнатиш лозим.

  1. Минтақавий хусусиятларни ҳисобга олиш.

Тарбияси қийин болалар билан тарбивий-профлактик тадбирларни ўтказиш жараёнида уларни ижтимоий—маданий ва иқтисодий вазиятларга таяниб, у ташкил этилаётган минтақанинг хусусиятларини ҳисобга олиш лозим.

Албатта, юқорида санаб ўтилган талаблар умумийдир, аммо тарбияси қийин болалар билан ишлаётган вақтда уларга психологик-педагогик ёрдам кўрсатиш  учун бир қатор услуб ва амаллардан фойдаланишни билиш лозим.

Тарбияда таъсир кўрсатиш усулларига яъни тақдирлаш ва жазолаш йўлларига алоҳида эътибор берилади. Тарбияси қийин болалар билан ишлаш жараёнида ҳам педагог-тарбиячилар улардан самарали фойдаланишларига тўғри келади. Тақдирлаш бола хатти-ҳаракатларида ижобий  сифатларни  таркиб топиши ва мустаҳкамланиши учун, жазолаш эса ихтиёр этилмайдиган салбий хусусиятларни   олдини олиш ва улардан огоҳ этиш мақсадида фойдаланилади. Жазолаш адолатли  ва боланинг шахсини камситмаган ҳолда самарали ташкил этилиши зарур.

Тарбиявий воситалар орасида тарбия амаллари борки, уларни самарали қўллаш ижобий натижаларга олиб келади.

Тарбия амаллари тарбия услубларининг таркибий элементлари бўлиб, улар болага таъсир самарадорлигини таъминлашга ёрдам беради. Биз тарбияси қийин болалар билан ишлаш жараёнда  мутахассислар бир қатор тарбия амалларидан фойдаланишлари ўринлидир деб ҳисоблаймиз.

Тарбия амаллари

Бизнинг изланишларимиз ва кузатишларимиз  тарбия амалларини мақсад ва йўналишидан келиб  чиққан ҳолда уларни қуйидаги уч гуруҳга  ажратишимиз.

Биринчи гуруҳга  тарбиячининг тарбияланувчига мурожаат этиши орқали унинг шахсий эҳтиёжларини аниқлаш ёрдамида ташкил этиладиган амаллар.

Бу амаллар тоифасига ёрдам кўрсатишга эҳтиёжни аниқлаш киради.  Тарбиячи тарбияланувчига маслаҳат маъносида мурожаат қилиб,  ўз    муаммолари ҳақида сўзлаб беришини сўрайди ва шу аснода муаммонинг ечиш йўлларини топади.

Яхши хатти-ҳаракатларга йўналиш бериш амалидан тарбиячилар тарбияланувчиларга ёрдам зарур бўлганда кўмак берадилар. Бунда ижобий хатти-ҳаракатларга алоҳида урғу берилади.

Ҳаёт  истиқболини белгилашга кўмаклашиш амали.  Педагог суҳбат жараёнида тарбияланувчининг ҳаёт режаларига аниқлик киритади. Шундан сўнгра тарбияланувчининг режаларини амалга оширишига кўмак берилади.

Ўзи ва бошқалар ҳақида сўзлаб бериш амали. Тарбияланувчига ўтган кунлари ҳақида  ҳикоя ёзиш тавсия этилади. Шундан сўнгра уларга бошқача яшаш мумкинлиги ҳақида суҳбатлашилади.

Менинг идеалим. Суҳбат жараёнида тарбияланувчиларнинг идеали аниқланади ва унинг ижобий ахлоқий сифатлари ажратилиб баҳоланади.

Тарбияланувчилар учун эртак. Бу эртактерапия ғояларини бажариш учун фойдаланилади. Тарбиячилар қаҳрамонлар тарбияланувчиларга ва уларнинг атрофдагиларига ўхшаган кишилар иштироки тўғрисида  эртак тузадилар. Эртак охирида педагог ва ўқувчилар ўзаро мулоҳаза юритадилар.

Иккинчи гуруҳга гуруҳий фаолиятни ташкил этишга асосланган тарбия амалларини киритиш мумкин.

Ушбу тоифа тарбия амалларидан бири фикрлар эстафетаси бўлиб, ўқувчилар берилган мавзу бўйича занжирсимон тарзда биридан кейин иккинчиси  сўзлайди, бир-бирини тўлғазади, аниқлик киритилади.

Ўзини ўзи руҳлантириш амали. Ўқувчилар гуруҳларга ажралиб, бир-бирига маълум саволлар билан мурожаат қиладилар, Берилган савол ва жавоблар солиштирилиб, сўнгра муҳокама қилинади.

Эркин мавзуда суҳбатлашиш амали. Бунда ҳар бир тарбияланувчи ўзи қизиқадиган бирор мавзу бўйича ҳикоя тузади ва гуруҳдагиларга ҳикоя қилиб беради.

Учинчи гуруҳга ўқитувчиларнинг ўқувчиларга атрофидаги муҳитни ўзгартиришга йўналтирилган ташкилий фаолиятларига қаратилган амаллар киритилади.

Кўрсатма бериш амали. Тарбияланувчиларга муомалага ва хулқ-атвор қоидаларига таяниб, берилган топшириқларни бажариш сўралади. Тарбияланувчилар ўйин қоидаларига мувофиқ ўз мулоҳазаларини билдиришлари мумкин. Таклифлар жараёнида ҳар бир тарбияланувчининг мавқеини ҳимоялаш инобатга олинади.

Ролларни тақсимлаш амали. Ушбу тарбия амалида тарбияланувчилар  берилган мавзуни билишига қараб роллар тақсимланади ва улар  топшириқни бажариши сўралади.

Бундан ташқари учинчи гуруҳда топшириқларга тарбияланувчилар ижодий ёндаштириш мақсадида ҳар хил образли ўйинлар тарзидаги амаллардан фойдаланиш мумкин.

Умуман бола тарбиясида ҳар бир кичкинтойга шахс сифатида қараб, фазилатларидан келиб чиқиб амалларни бажаришга йўналтириш, ҳар бирига эътиборни кучайтириш ва амаллар доирасини кенгайтириш лозим.

Ориф Авлаев, Тошкент Давлат Аграр университети  доценти

Оилада соғлом муҳитни юксалтириш, аждодларимизнинг оила масаласидаги қадриятларини тарғиб қилиш мақсадида сайтимиздаги «Аҳил оила мактаби» лойиҳасининг узвий давоми “Оила-мактаб-жамият” лойиҳаси ташкил  этилди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.