Ўз ишида, оила ва жамиятда  фаол ва ташаббускор ижтимоий ходимларнинг меҳнатлари эътироф этилди

0
114
марта кўрилган.

 Ўзбекистон Миллий университети маданият саройида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан “Йилнинг энг яхши ижтимоий ходими” касбий кўрик танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

Ушбу кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3787-сон қарорида белгилаб қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида  ҳар 2 йилда ташкил этилади.

Тадбир уч босқичда ўтказилмоқда. “Йилнинг энг яхши ижтимоий ходими” касбий кўрик танловининг туман босқичларида 70 нафар ижтимоий ходим иштирок этди. Биринчи босқичларда ғолибликни қўлга киритган 11 нафар опа-сингилларимиз Тошкент шаҳар босқичида Республика босқичига йўлланма олиш учун дўстона, соғлом рақобат асосида ўзаро кураш олиб боришди.

Кўрик танлов давомида мамлакатимизда тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳамда ижтимоий ходимларнинг касбига қаратилаётган юксак эътибор, ўзгалар парваришига муҳтож якка ёлғиз ҳамда ёлгиз истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар кўлами эътироф этилди.

2017–2021 Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилгани алоҳида қайд этилди.

Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасидаги 70 нафар фидойи, оқила, зукко, меҳрибон ижтимоий ходимлар 600 нафардан зиёд алоҳида рўйхатга олинган, ўзгалар парваришига муҳтож якка ёлғиз ҳамда ёлғиз истиқомат қилувчи пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг уйида ижтимоий-маиший хизмат кўрсатишмоқда.

 Танловнинг биринчи, яъни таништирув шартида иштирокчилар ўзлари ҳақида ҳамда ўз касбий фаолиятлари орзу-умидлари, интилишлари ва ўз олдига қўйган мақсадлари хусусида айтиб ўтишди.

Иккинчи шартда эса савол-жавоб орқали ижтимоий ходимларнинг мамлакатимиздаги туб ислоҳотлар, тиббий-ижтимоий хизматлар тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳақидаги тушунчалари, сиёсий-ҳуқуқий, касбий билимлари синовдан ўтказилди.

Учинчи шарт эркин-ижодий йўналишда бўлиб, иштирокчилар шеър, ғазал, қўшиқ, рақс ижро этишди. Оила-жамият-касб уйғунлигида миллий қадриятлар акс этган саҳна кўринишларини қизиқарли тарзда намойиш қилишди.

Мазкур беллашув жараёнлари, кўрик танлов шартлари  ва ижтимоий ходимларнинг соҳага оид билимлари, норматив ҳужжатларни билиш даражаси ҳамда зукколиги нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳолаб борилди. Ўз ишида, оила ва жамиятда  фаол ва ташаббускор ижтимоий ходимларнинг юксак ҳамда масъулиятли меҳнатлари эътироф этилди.

Барча шартларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларга эришган 1.2.3-ўринларни қўлга киритган иштирокчилар ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мазкур тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Бошқарманинг туман бўлимлари вакиллари, Оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анвар ҚОБИЛОВ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.