Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев давлатимиз раҳбари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Технопарк фаолияти билан танишди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Бугун Кўксаройда бўлиб ўтган музокараларда икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимиздаги эркин иқтисодий зоналар, технопарклар бунинг учун қулай майдон.
Пойтахтимиздаги Технопаркда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа йўлга қўйилган. Бугунги кунда шундан 13 таси ишга тушган бўлиб, электрон газ ҳисоблагич, музлатгич, саноат кондиционерлари ва совутиш тизимлари, лифт ва эскалаторлар, сув насослари, эшик ва дераза ромлари учун аксессуарлар ясалмоқда. Бу товарлар хорижий брендлар назорати остида тайёрланиши боис минтақа бозорларидан ўрин эгалламоқда.
Бу йил изоляция маҳсулотлари, сув иситиш ускуналари, ошхона техникаси корхоналари ҳамда логистика маркази фойдаланишга топширилади.
Озарбайжон Президенти ва меҳмонларга бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берилди.
Давлат раҳбарлари саноат соҳаси мутасаддиларига биргаликда ишлаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, саноат кооперацияси ва савдони кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.