Хорватиянинг Загреб шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида 2-8 июль кунлари жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда ёш полвонларимиз мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг яхши натижани қайд эта олишди. Яъни, бунгача Ўзбекистон терма жамоаси ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бирданига учта олтин медаль қўлга кирита олмаганди. Якунланган мусобақада эса йигитларимиз миллатимиз спорти тарихида янги саҳифа очишди десак муболаға бўлмайди.
Мусобақада муваффақиятли иштирок этган ёш полвонларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси мутасаддилари, мухлислар, спортчиларнинг яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кутиб олишди.