Урганч туманининг Ғойбу қишлоғида туркман миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг ўз она тилида таълим олиши, урф-одатлари ва анъаналарини ривожлантириш учун барча шароит яратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда Ўзбек-туркман дўстлик уйи бунёд этилди.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ташрифи асносида ушбу маънавият масканининг очилиш маросими бўлди.
Давлат раҳбарлари дастлаб бу ерда ўрнатилган Махтумқули Фироғий бюстини очди, унинг пойига гуллар қўйди.
Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбек-туркман дўстлик уйида яратилган шароитлар билан танишди. Ушбу мажмуа қадимий ва замонавий меъморлик анъаналари асосида бунёд этилган. Ўзбек ва туркман халқларининг кўп асрлик алоқаларини акс эттирувчи музей, икки мингдан зиёд китоб фондига эга кутубхона ташкил қилинган. Тадбирлар ўтказиш учун катта зал, турли фан ва санъат тўгараклари учун хоналар барпо этилган.
Ўзбек-туркман дўстлик уйи, туркман миллатига мансуб юртдошларимиз учун яратилган имкониятлар туркманистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.