Ўзбек халкининг атокли шоири Омон Матжон вафот этди

0
57
марта кўрилган.
 2020 йилнинг 28 октябридан 29 октябрига ўтар кечаси Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Омон Матжон 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди.
 
Омон Матжон 1943 йил 14 февралда Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилди. 1969 йили Самарқанд давлат университетини тамомлади.
 
У ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини 1969 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир сифатида бошлади. Кейинчалик “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими, Давлат матбуот қўмитаси (ҳозирги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) раисининг ўринбосари, “Чўлпон” нашриёти директори ҳамда “Гулхан” журнали бош муҳаррири лавозимларида самарали меҳнат қилиб, миллий адабиётимиз ва матбуотимиз равнақига катта ҳисса қўшди.
 
Омон Матжон ўзининг бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик асарларида она юртимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини катта маҳорат билан тараннум этди. Унинг сермазмун асарлари халқчиллиги ва ҳаётийлиги билан адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин эгаллади.
 
Истеъдодли шоир қарийб 60 йиллик ижодий фаолияти давомида “Очиқ деразалар”, “Карвон қўнғироғи”, “Қуёш соати”, “Ёнаётган дарахт”, “Ярадор чақмоқ”, “Ҳаққуш қичқириғи”, “Сени яхши кўраман”, “Дарахтлар ва гиёҳлар”, “Ўртамизда биргина олма”, “Одамнинг сояси қуёшга тушди”, “Қуш йўли”, “Иймон ёғдуси”, “Дийдор азиз”, “Ҳалоскор руҳ” сингари шеърий тўпламлари, “Нажмиддин Кубро”, “Гаплашадиган вақтлар”, “Чўлдагилар”, “Минг бир ёғду” каби достонлари, “Тўрабекхоним” насрий асари ҳамда “Ардахива” маърифий бадиасини яратди. Жаҳон адабиётининг Фридрих Шиллер, Шарль Бодлер, Евгений Евтушенко, Расул Ҳамзатов, Шандор Петефи, Юстинас Марцинкявичюс, Берди Кербобоев, Ибройим Юсупов сингари мумтоз ва замонавий намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрлардаги асарлари дунёнинг бир қатор тилларига таржима қилинди.                                     
Шоирнинг 2000 йили “Авесто”нинг 2700 йиллигига бағишланган “Ардахива” асари чоп этилди.
Мустақиллик йилларида шоирнинг ижодий ва ижтимоий фаолияти янада ёрқин намоён бўлди. Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин ва обод ҳаётини тараннум этадиган бир қанча янги шеърий ва насрий асарлари, шонли тарихимиз, миллий қадриятларимиз, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлашга бағишланган китоб ва рисолалари кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди.
 
У тажрибали ижодкор, жонкуяр ташкилотчи сифатида кўплаб ёш истеъдод эгаларига устозлик қилди.
 
Омон Матжоннинг ўзбек адабиёти ва санъатини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон халқ шоири”, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти билан тақдирланган эди.
 
Атоқли шоир, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Омон Матжоннинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
 
Gujum. Uz таҳририяти номидан Ўзбекистон халк шоири Омон Матжон вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари, якинлари ва мухлисларига таъзия билдирамиз.
 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.