Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тизимидаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари» номли 100 жилдлик мажмуанинг дастлабки 15 жилди нашрдан чиқди.
Мазкур лойиҳа 2015 йилда бошланган. Муҳташам туркумга ўзбек халқ оғзаки поэтик ижоди асарларининг энг мукаммал намуналари қамраб олинади.
Ушбу нашрнинг 59 жилди достонлар, 10 жилди халқ қўшиқлари, 12 жилди эртаклар, қолган жилдлар эса терма, афсона, ривоят, нақл, мақол, топишмоқ, аския, лоф, латифа, оғзаки драма, болалар фольклори ва бошқа жанрларни ўз ичига олади.
100 жилдликни тайёрлаб чоп этишдан кўзланган асосий мақсад — асрлар оша оғиздан-оғизга ўтиб келаётган бой маданий меросимизни асраб-авайлаб, ёзма ҳолатдаги жамланмасини келажак авлодга етказиш. Умид қиламизки, халқимиз, айниқса келажак авлод тарихий қадриятларимиз, ўлмас маънавиятимиз ҳақида тўла тасаввур ва билимга эга бўлади.
Ўзбек фольклоршунослиги тарихида илк бор нашрга тайёрлаётган яна ўнлаб достонлар бор. Айни кунларда мазкур китобларнинг навбатдаги жилдларини тайёрлаш устида ишлар жадал суратларда олиб борилмоқда. Жорий йилнинг сўнгига қадар яна 5 та жилдини тайёлаб, умумий ҳисобда жами 20 жилддан иборат «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари» тайёрланиб, мухлислар эътиборига ҳавола этиш режалаштирилган.
Манбаа: АОКА