2023 йил 8 январь куни Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Мулоқотда Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев иштирокида ўзаро алоқаларнинг истиқболлари ҳамда 2023 йилги ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик босқичлари, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ривожланиб бораётгани, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тараққий этаётгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил август ойида икки Муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига бориши ҳамкорлик муносабатларини янада юксак даражага кўтаришга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этди.
Шунингдек, Музаффар Комилов Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиага нуфузли анжуманга таклиф этгани ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мазкур ташриф натижасида ҳамкорлик муносабатларини янада такомиллаштириш асосий мақсад эканини маълум қилди.
Вазир жаноблари сўнгги йилларда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи алоқаларни янги босқичга олиб чиққанини эътироф этди.
Шунингдек, вазир Саудия Арабистони фуқаролари учун Ўзбекистонга сафар қилишда визасиз тизим жорий этилгани жуда катта енгиллик эканини таъкидлаш баробарида ушбу имкониятларни Саудия Арабистонида кенг тарғиб этиш яхши натижа беришини билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ҳаж ва умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларни тақдим этдилар.
Музокараларда Мадина шаҳридаги Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига оид инновацион музей каби Самарқанд вилояти Имом Бухорий мажмуасида ҳам мазкур буюк муҳаддис ҳаёти ва ижодига бағишланган музей барпо этиш ишлари жадал давом эттирилаётганини баён қилинди. Ўз навбатида вазир жаноблари ушбу музейнинг очилиш маросимига бориш ниятида эканини маълум қилди.
Мулоқот якунида томонлар совғалар топширдилар ва эсдалик учун суратга тушдилар.
Манба yuz.uz