“Ўзбекистон ҳаво йўллари” чипта нархлари нега қимматлиги бўйича жавоб берди. Сизнингча, жавоблар қанчалик асосли?

0
292
марта кўрилган.
Аввал хабар берганимиздек, uza.uz интернет сайти “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига аҳоли қизиқтирган бир қанча саволлар билан мурожаат қилди. Авиакомпания уларга 7 кун ичида жавоб қайтарди. Биз уларни сизга ўзгартирмаган ҳолда ҳавола этамиз. Компания жавобларидан қониқмаганимизни ва “Турк ҳаво йўллари”нинг айни саволларга жавоблари билан ҳам сизни таништиришимизни маълум қиламиз.
 
– “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг чипталари нархи бошқа халқаро авиакомпанияларникига нисбатан анча қиммат ва мавсумий йирик чегирмалар кузатилмайди, нима учун?
 
– Авиақатновлар классларига авиабилетларни брон қилиш тизимининг анча мураккаблигини ҳамда бизнес ва иқтисод классларидан ташқари янада кўпроқ турларни ўз ичига олишини кўпчилик йўловчилар билмайди.
 
Мазкур тизим ўз ичига энг арзондан тортиб, энг қимматгача, 12 та (ўн иккита) тарифни олади, барча авиаташувчиларда ҳам шундай тизим мавжуд.
 
Ҳар бир класс учун авиабилетлар нархи, қоидага кўра, олдиндан тасдиқланади ва нарх кейинчалик ўзгармайди. Авиабилет нархининг ошиши деб туюлган нарса, аслида, билетларни паст тарифларда сотиб олиниши билан боғлиқ. Мазкур факт харидорларни чалғитади ва улар айнан нарх ўсиб бормоқда, деб ўйлашади.
 
Истанбул йўналиши ўзбекистонлик йўловчилар орасида катта талабга эга бўлиб, билетлар қатновдан анча олдин сотиб бўлинади. Бутун дунёда бўлгани каби, чипталарни энг арзон нархларда (бу эса одатда энг паст класс) сотиб олиш учун, уларни саёҳат вақтидан камида 3-4 ой олдин харид қилиш лозим. Агар сафар курорт мавсумига режалаштирилган бўлса, ундан ҳам аввалроқ ҳаракат қилиш керак бўлади. Табиийки, агар йўловчи яқин муддатдаги рейс учун билет сотиб олишни хоҳласа, унга фақат энг қиммат классларнигина таклиф этади, боиси энг арзонлари тез сотилиб кетади.
 
Миллий авиакомпанияда мавсумий чегирмалар йўқ, деган тушунча ноўриндир. Муайян даврларда (парвоз йўналиши, талаб ва қатновнинг мавсумийлигига қараб), МАК қиммат классларни бронлашнинг маълум бир қисмини арзонроқ тарифга ўзгартиради ва бу уларнинг нархини пасайишига олиб келади. Натижада, аксарият йўловчилар билетларни минимал нархларда сотиб олиш имкониятини қўлга киритади, бу эса чегирма билан тенглаштирилган.
 
– Биздаги маълумотларга кўра, “Турк ҳаво йўллари” Тошкент- Истанбул чипта нархларини қўшни давлатларники каби арзонлаштира олади, аммо “Ўзбекистон ҳаво йўллари” орасидаги битимлар кўрсатиладиган хизматлар ва ёқилғи 3-4 баробар қиммат бўлгани учун Тошкент-Истанбул, Тошкент-Анталия йўналишлари қимматлаб кетади. Бу маълумот қанчалик асосли?
 
– Аввало, шуни айтиш лозимки “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Турк ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг ички нархлаш тизими билан боғлиқ ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Бироқ, Туркия авиакомпанияси тижорат ташкилоти бўлиб, унинг асосий мақсади фойда олиш эканини таъкидлаш лозим. Яъни, бошқа ҳар қандай тижорат компанияси каби унинг фаолият шартларини ҳам бозор белгилайди.
 
Турк авиакомпаниясининг Истанбул-Тошкент-Истанбул йўналишидаги қатновларга авиабилет нархларини ушлаб турилишининг сабаблари турлича бўлиши мумкин ва улар ҳар доим ҳам авиацион ёқилғи ва ерусти хизмати нархига боғлиқ бўлмайди. Бугунги кунда “Турк ҳаво йўллари” самолётларига ерусти хизматининг нархи Туркия аэропортларида МАК ҳаво лайнерларига (хизмат кўрсатилаётган самолёт типига қараб) кўрсатиладиган хизмат нархи билан бир хил даражада ўрнатилган. Ёқилғи нархининг кўтарилишига келадиган бўлсак, Миллий авиакомпаниянинг йўловчи авиақатновларини нархлаш сиёсати бу омилни муқобиллаштириш ва авиабилетлар нархини оширмасликка имкон берди. Ҳар бир авиакомпания тенг бозор шароитида уни молиявий зарарга олиб келмайдиган ва мижозларининг талабини қондиришга имкон яратадиган оптимал ечимларни излайди.
 
Бунинг яна бир сабабини, Европа авиаташувлар бозорини тўлдириб турган лоукостерлар билан боғлиқ ҳам деб тахмин қилиш мумкин. Мисол учун, фақат Ryanair (Ирландиянинг жаҳондаги энг катта ва энг қадимги авиакомпаниялардан бири) Ўзбекистоннинг барча аҳолисини йил давомида уч мартадан ортиқ ташиш имконига эга. Бундай авиаташувчиларга юқори тарифлар билан рақобатчи бўлиш деярли мумкин эмас. Натижада, мазкур йўналишда “Турк ҳаво йўллари” қатновларида парвоз қилишни арзонлар қаторига киритиш мумкин.
 
– Нима учун Истанбулга Чимкент ва бошқа қўшни давлатлар орқали учиш арзонроқ? Тошкентдан учиш нега қимматга айланади?
 
– Авваламбор, Тошкентдан Истанбулга парвозлар нархини Чимкентдан парвоз қилиш билан солиштирамиз (бир хил классларни брон қилганда):
 
 
 
Шуни таъкидлаш жоизки, МАК йўловчиларга чипталарни қайтариш ва парвоз вақтини ўзгартириш имконияти каби “кенг” хизмат турларини тақдим этади. Чимкентдан Истанбулга энг паст классда учиб кетадиган йўловчилар учун бундай имконият мавжуд эмас. МАК қатновларида Истанбулдан исталган классда келадиган йўловчининг 30 килограмм ўлчамли пулсиз юк лимитини муҳим омил, деб қараш мумкин. Чимкентдан парвоз қилувчи қатновлардаги 10 килограммлик юкнинг пуллик эквиваленти фарқи уйига нарса ва совғаларни сотиб олишни истаган йўловчиларга молиявий жиҳатдан сезиларли таъсир кўрсатади.
 
Чимкент-Истанбул-Чимкент чартер қатновлари ва уларнинг мунтазам қатновларга нисбатан арзонлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бундай қатновларни нархлаш сиёсати, одатда паст нархларни назарда тутади. Чунки, чипталар нархи сайёҳлик оператори томонидан турпакетларга киритилади. Парвоздан кўриладиган фойда ушбу турнинг нархига киритилади. Бизнинг ҳолатда чартер қатновларини рақобатлашадиган қатновлар, деб ҳисоблай олмаймиз. Худди шу нарсани тўхтаб ўтувчи қатновларга нисбатан ҳам айтишимиз мумкин.
 
Мазкур қатновлар ноқулайлиги ва давомийлиги сабабли оммалашмаган ва арзон ҳисобланади.
 
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси паркига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Самолётлар паркининг ўртача ёши атиги 10 йилни ташкил этади ва доим янгиланиб боради. Бугун МАК белгиси остида учта замонавий Boeing-787 (Dreamliner) самолётлари парвоз қилмоқда ва қисқа вақт ичида яна учта самолёт келтирилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон аҳолиси муқобил равишда фойдаланаётган қўшни мамлакатлар авиаташувчиларининг самолётлар парки анча эскирган. Мисол учун, Чимкент-Истанбул авиақатновларини амалга оширувчи самолёт тахминан 18 йилдан ортиқ вақт давомида эксплуатация қилинмоқда (www.planespotters.net тижорат авиация онлайн маълумотлар базаси маълумотига кўра). “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси ҳукумати кўмагида авиаташувчини танлашда рад этиб бўлмас омил, яъни хавфсизлик даражасини ошириш учун авиапаркни мунтазам янгилаб келмоқда.
 
Жавоблар сизнингча қанчалар асосли? “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га яна қандай саволларингиз бор. Уларни +998935770582 рақамига телеграм мессенжери орқали йўллашингиз мумкин. Uza.uz интернет сайти мазкур мавзуни ўрганишда давом этади.
 
Анора Содиқова, ЎзА​
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.