“Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш” таъсис конференциясида Қаҳрамон Қуронбоев Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг раиси лавозимига сайланди

0
103
марта кўрилган.

Шу муносабат билан Қуронбоев Қаҳрамон Қўчқорович Президент Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилди. Маълумот ўрнида: Уюшма раиси мақоми тиббий, транспорт ва маиший таъминот шароитлари бўйича бош вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштириш” мавзусида таъсис конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасини тузиш ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш, уюшма Устави ва Рамзини, ҳудудий бўлинмаларининг Намунавий низомларини тасдиқлаш, уюшманинг Назорат-тафтиш комиссияси раиси ва аъзоларини сайлаш, шунингдек, уюшма ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда маҳалла фаоллари олдида турган устувор вазифалар тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.  

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ғ.Мирзаев, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, республика ҳамкор ташкилотлар вакиллари, шунингдек, вилоятлардан 140 нафар делегат иштирок этди.  

Таъсис конференциясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева маҳалла чинакам халқ манфаатини кўзлайдиган, аҳоли муаммоларини мустақил ҳал эта оладиган, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга қодир етакчи фуқаролик жамияти институтига айланганини қайд этди. Маҳалланинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.  

Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилган.  

Кун тартибидаги масалалар юзасидан делегатларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Унда маҳалла тизимидаги ўзгаришлар, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва обрўсини ошириш борасидаги ташаббуслар, “маҳалла еттилиги”нинг фаолият йўналишлари хусусида сўз борди.  

Президент фармон ва қарорида белгиланган устувор вазифалар бирма-бир таҳлил қилинди. Делегатлар маҳалла тизимини такомиллаштиришга оид таклифлари ва ташаббусларини билдирди.  

Конференцияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Делегатлар Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг раиси лавозимига Қаҳрамон Қуронбоев номзодини бир овоздан маъқуллади.  

Конференция иштирокчилари номидан маҳаллалар фаолларига Мурожаат қабул қилинди.  

GUJUM.UZ

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.