Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Токио шаҳрида қўлга киритилган ютуқлар билан Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасини самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди:
– Азиз спортчи ва мураббийлар, ватанимизнинг чинакам қаҳрамонлари! Сизлар 24 август – 5 сентябрь кунлари Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйинларида муносиб қатнашиб, Ўзбекистон номини жаҳонга янада машҳур қилдингиз!
Терма жамоамиз спортчилари муросасиз кечган беллашувларда юксак матонат ва ирода намойиш этиб, 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза, жами 19 та медаль қўлга киритишди. Бу билан 162 мамлакат орасида умумжамоа ҳисобида фахрли 16-ўринни эгалладик. Шубҳасиз, бундай натижа жонажон Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллик шодиёнасига муносиб совға бўлди. Бу билан Паралимпиячиларимиз жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси сифатида Энг улуғ, энг азиз байрамимизга муносиб ҳисса қўшдилар.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш ўринлики, ушбу оламшумул натижалар замирида ҳурматли Президентимизнинг Сиз азиз спортчиларга қаратаётган катта меҳрибонлиги ётибди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимизда вояга етаётган кўплаб ёшлар, жумладан имконияти чекланган фарзандларимиз учун жуда катта мотивация бўлади. Уларнинг ҳаётга ишончини, қизиқишини, умидини уйғотади.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Токио шаҳрида қўлга киритилган бундай натижа билан Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасини самимий табриклаб, 3 йилдан сўнг Париж шаҳрида ўтадиган келгуси ўйинларда бундан ҳам юқори натижа қайд этишларини тилаб қолади.
Дарҳақиқат, паралимпиячиларимизнинг матонати, ғайрат-шижоатини кўпдан кўп алқаса арзийди. Биз ҳам азиз спортчиларимизга ҳорманг ва Аллоҳ берган истеъдодингиз янада юксалаверсин, дея тилаклар билдирамиз,
Ж. САЪДУЛЛАЕВ тайёрлади.