Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари: Сайловчилар фаоллиги миллат ҳамжиҳатлигини ифодалайди

0
214
марта кўрилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназаров юртимиз тарихидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиб, энг муносиб номзодга овоз берди.

Ватан келажаги ва халқ саодатини таъминлашда муҳим бўлган мазкур сайлов жараёнлари очиқлик ва шаффофлик асосида ўтмоқда. Шайх ҳазратлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган 576-сайлов участкасига келиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашди.  

Шундан сўнг муфтий ҳазратлари ушбу участка мутасаддилари, нуронийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбат қуриб, овоз бериш жараёнлари муваффақиятли ўтишини тилади.

– Аллоҳ таолога шукрки, бугун тарихий воқеада иштирок этиш бахтига муяссар бўлдик. У ҳам бўлса, Ўзбекистон Президентлигига муносиб номзодга овоз бериш кунидир. Мен ҳам мана шундай бир юртнинг фуқароси сифатида, диёрини севувчи мусулмон ўлароқ овоз беришда иштирок этмоқдаман. Шундай экан, биз ҳам муносиб номзодга яхши ният ила овоз бердик. Ҳар бир мўмин-мусулмоннинг яхши ният ила муносиб номзодга овоз бериши яхшилик йўлидаги ҳамкорлигидир.  

Мамлакатимиздаги Президентлик сайлови миллий ва халқаро тамойиллар асосида, сайловчиларнинг юқори даражада иштирок этиши билан янада файзли ўтмоқда. Зеро, сайловчилар фаоллиги миллат ҳамжиҳатлигини, ўз келажагига бўлган ишончни, олиб борилаётган сиёсатнинг қўллаб-қувватланишини яққол намоён этади.  

Дарҳақиқат, охирги йиллардаги диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар ва хайрли ислоҳотлар натижасида янги масжид-мадрасаларнинг очилиши, мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар берилиши Аллоҳ таолонинг юртимизга берган улуғ неъматлари бўлди. Бугунги сайловларда мўмин-мусулмонларимизда келажакка бўлган ишонч ва мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳисси янада ортганини яққол кўриш мумкин, – деди муфтий ҳазратлари.  

ЎзА

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.