Ўзбекистон Президенти БАА Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

0
18
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 март куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи таваллуд куни билан самимий табриклади, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Мамлакатимиз етакчиси БАА Президентига мустаҳкам соғлик ва фаровонлик, давлатчилик фаолиятида катта муваффақиятлар, дўст Амирликлар халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Давлат раҳбарлари бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ойи муносабати билан ҳам бир-бирларини самимий қутладилар.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида БААга амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очиб, уларни стратегик шериклик даражасига кўтаргани алоҳида таъкидланди. Эришилган келишувларни амалга ошириш учун алоҳида «йўл харитаси» қабул қилинди.

Етакчилар Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони изчил ортиб бормоқда.

Бугунги кунда 20 миллиард долларлик лойиҳалар портфели доирасида Амирликларнинг етакчи компаниялари билан «яшил» энергетика, рақамлаштириш, сунъий интеллект, шаҳарсозлик ва инфратузилма, туризм, хусусий бизнес каби муҳим йўналишларда фаол ҳамкорлик қилинмоқда.

Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқотининг иккинчи саммитини ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.