Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифининг иккинчи куни тадбирлари доирасида Сиань шаҳрида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнни қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзбекистон билан ушбу нуфузли халқаро молия институти ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда банк билан муносабатлар жадал суръатда ривожланаётгани – инвестициявий ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар портфели 2 миллиард доллардан ошгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.
Учрашувда камбағалликка қарши курашиш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, хусусий секторни ривожлантириш борасидаги дастурларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Янги Шериклик дастурини тез фурсатда қабул қилиш ва йирик қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.