Ўзбекистон Президенти Озарбайжонга келди

0
44
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 5 июль куни Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан ушбу мамлакатга  келди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Фузулий шаҳри аэропортида олий мартабали меҳмонни Озарбайжон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ўзбекистон Президенти  Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этиш учун Шуша шаҳрига келди. 

Давлатимиз раҳбарини бу ерда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев кутиб олди.

Туркий давлатлар ташкилотининг иштирокчи мамлакатлари делегациялари раҳбарлари Озарбайжон етакчиси ҳамроҳлигида Шуша шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Шуша “Қорабоғ дурдонаси”, “Кавказ санъати маркази” ва “озарбайжон мусиқаси бешиги” номлари билан маълум. Шаҳар бир қатор таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари ватанидир. 2021 йилдан буён Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти ҳисобланади, 2023 йилда эса туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган.

Жорий йилда Хива шаҳри ва Шуша шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди.

Олий мартабали меҳмонлар Шушада ўттиз икки йил ичида биринчи марта қурилган турар жой мажмуасига ташриф буюрдилар. 23 та бинодан иборат уй-жой мажмуасининг умумий майдони қарийб 8 гектарни ташкил этади.

Сўнг етакчилар 2021 йилда тамал тоши қўйилган янги замонавий масжид лойиҳаси ва уни барпо этиш жараёни билан танишдилар.

Озарбайжон раҳбари меҳмонларга шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида сўзлаб берди.

Президентлар, шунингдек, ХIХ асрда Шушада қурилган биринчи масжид – Гавҳар Оға масжидини зиёрат қилдилар. Меҳмонлар бу ерда амалга оширилган реставрация ишларининг натижаларига юқори баҳо берди.

Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга амалий ташрифи давом этмоқда. ТДТ норасмий саммитининг асосий тадбирлари бугун, 6 июль куни бўлиб ўтади.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.