Ўзбекистон Президенти Самарқандда ўтган ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида Хитой, Ҳиндистон, Қатар мамлакатлари делегациялари ҳамда  «Franklin Templeton», «Lasselsberger Group», «ACWA Power» компаниялари раҳбарларини қабул қилди

0
34
марта кўрилган.
Самарқанд шаҳрида ўтаётган ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой молия вазири Лань Фоанни қабул қилди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни олий даражадаги келишувларга мувофиқ кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан шерикликни мустаҳкамлаш, устувор инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг тўққизинчи йиғилиши доирасида Ҳиндистон Республикаси молия ва корпоратив ишлар вазири Нирмала Ситхараман бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда олий даражадаги келишувларга мувофиқ кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Жорий йил ноябрь ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини пухта тайёргарлик кўрган ҳолда ўтказиш ҳамда унинг доирасида Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Энергетика, нефть-кимё, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, фармацевтика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Ўзбекистон Президенти  Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгаши йиғилишида иштирок этаётган Қатар Давлати молия вазири Али бин Аҳмад ал-Қуварий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Икки томонлама, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

«Яшил» энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, туризм, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди. Йил якунига қадар Доҳа шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қўшма бизнес форуми ўтказилиши қайд этилди.

Маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Президенти «Franklin Templeton» компанияси бош инвестиция директори Манраж Секхонни қабул қилди ва  ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади.

«Franklin Templeton» активларни бошқариш бўйича дунёдаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади, 30 та мамлакатда 100 дан ортиқ офиси мавжуд.

Учрашувда Ўзбекистон Миллий инвестиция фондини ривожлантириш, стратегик давлат корхоналарини трансформация қилиш ва уларнинг акцияларини фонд бозорларига жойлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Давлат корхоналари самарадорлигини ошириш, капитал бозорини ривожлантириш ва «халқчил IPO» ўтказиш бўйича дастурларда қатнашишдан манфаатдорлик билдирилди.

Шавкат Мирзиёев Осиё  йиллик йиғилиши доирасида «Lasselsberger Group» компанияси асосчиси ва бош директори Йозеф Ласселсбергерни қабул қилди.

1957 йилда ташкил этилган «Lasselsberger Group» Европадаги қурилиш материаллари, керамика ва минерал маҳсулотларнинг етакчи ишлаб чиқарувчиси бўлиб, йиллик айланмаси 20 миллиард долларни ташкил этади. 

Учрашувда қурилиш материаллари саноатида юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Айни пайтда Самарқанд вилоятида қуруқ аралашмалар ва микрокальцит ишлаб чиқариш, Қашқадарё вилоятида мармарни қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Юқори софликдаги алюминий ва мета-каолин, керамогранит, лок-бўёқ маҳсулотлари ва фиброцемент ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Президенти Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида  Ўзбекистон–Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайянни қабул қилди.

Саудия Арабистони компаниялари билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Давлатимиз раҳбари «ACWA Power» билан кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда муваффақиятли ҳамкорлик қилинаётгани, Саудия Арабистони сармоясини мамлакатимизга жалб этишда компания муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.

Энергетика, транспорт, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, иссиқлик таъминоти тармоқларини модернизация қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Шу билан давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳрига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.