Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва рафиқаси ҳамроҳлигида Шуша шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Шуша “Қорабоғ дурдонаси”, “Кавказ санъати маркази” ва “озарбайжон мусиқаси бешиги” номлари билан маълум. Шаҳар бир қатор таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари ватанидир.
2021 йилдан буён Шуша Озарбайжоннинг маданий пойтахти ҳисобланади, 2023 йилда эса туркий дунё маданий пойтахти деб эълон қилинган.
Жорий йилда Хива шаҳри ва Шуша шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди.
Олий мартабали меҳмонлар шаҳар билан танишувни 1883 йилда барпо этилган Соатли масжидидан бошладилар.
Сўнг Озарбайжон умуммиллий етакчисининг юз йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилган “Ҳайдар Алиев ва Қорабоғ” фотокўргазмаси билан танишилди.
Шушанинг бош майдонига ташриф буюрилди. Бу ерда Озарбайжон маданиятининг атоқли арбоблари – Хуршидабону Нотавон, Булбул, Узейир Хожибейли бюстлари ўрнатилган.
Ўзбекистон томони катта қизиқиш билан шаҳар аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаб келган “Хон қизи” булоғи, Озарбайжоннинг таниқли санъат арбоби Булбулнинг уй-музейи, “Меҳмондоровлар уйи” меъморий ёдгорлиги ҳамда ўтмишда отчопарлар ўртасида мусобақалар ўтказилган машҳур Жидир текислиги билан танишдилар.
Шу билан Президентимизнинг Озарбайжонга давлат ташрифи дастуридаги тадбирлар якунига етди. Давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.