Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон етакчисини куни кеча бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаб, унга биродар тожик халқи фаровонлиги ва равнақи йўлидаги фаолиятида катта муваффақиятлар тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш, Ҳукуматлараро комиссия қарорларини бажариш ҳамда бўлажак олий даражадаги учрашувлар учун янги кун тартибини ишлаб чиқиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Президентлар Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси давлат раҳбарларининг Қирғиз Республикасидаги вазият юзасидан қўшма баёноти қабул қилинганини мамнуният билан қайд этдилар.
Мулоқот сўнгида мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга иккала томоннинг ҳам интилиши қатъий экани таъкидланди.
Суҳбат ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.