Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 июнь куни Туркиянинг «Cengiz Holding» компанияси раиси Меҳмет Женгиз ва «Kalyon Holding» компанияси раиси Жемал Калёнжу бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, шу жумладан, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Президентимизнинг яқинда Анқарага ташрифи давомида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг якунлари мамнуният билан қайд этилди. Эришилган келишувлар ижросини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Компаниялар томонидан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалари муҳокама қилинди.
Йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ва қуриш, «яшил» энергетика қувватларини барпо этиш, қўшма геологик тадқиқотлар ўтказиш ва истиқболли конларни ўзлаштириш лойиҳалари шулар жумласидан.
Таъкидлаш жоизки, “Cengiz Holding” иштирокида Ўзбекистонда иккита лойиҳа муваффақиятли якунланди – Тошкент ва Сирдарё вилоятларида умумий қуввати 460 мегаваттли замонавий электр станциялар ишга туширилди. Бундан ташқари, Жиззах вилоятида қуввати 500 мегаваттдан зиёд бўлган яна бир электр станция қурилиши давом этмоқда.