Ўзбекистон Президенти ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбарини қабул қилди

0
41
марта кўрилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) миссияси раҳбари Альберт Йонссон билан 20 апрель куни бўлиб ўтган учрашувида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалалари кўриб чиқилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Давлатимиз раҳбари ЕХҲТ билан сермаҳсул алоқалар, очиқ ва конструктив мулоқот йўлга қўйилганини мамнуният билан қайд этди.

Ўтган йилда Ўзбекистонга ЕХҲТ раиси, Польша ташқи ишлар вазири Збигнев Рау, ташкилот бош котиби Хельга Шмид, Миллий озчиликлар масалалари бўйича Олий комиссар Қайрат Абдураҳмонов ташриф буюрганини таъкидлаш жоиз.

Бюро экспертлари мамлакатимиз миллий сайлов тизимини модернизация қилишда, шу жумладан Сайлов кодексини ишлаб чиқишда иштирок этган.

ДИИҲБнинг 2016, 2019 ва 2021 йилларда Ўзбекистонда бўлиб ўтган умумхалқ сайловларидаги кенг кўламли миссиялари якунида берилган тавсиялар ҳисобга олинган ва жорий қилинган.

Учрашув давомида референдумни юксак халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этишнинг турли жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Миссия раҳбари Альберт Йонссон мамлакатимизнинг янгиланган Конституциясида ўз аксини топган Янги Ўзбекистондаги демократик янгиланишларни янада чуқурлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.